“Устоз” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий, раҳнамо, ўқитувчи, муаллим деган маъноларни англатиши ёзилган. Демак, «устоз» номи кенг маъноли сўз бўлиб, бу номга муяссар бўлган кишига ҳар томонлама юксак масъулият юклатилади. Шунинг учун ҳам халқ орасида «Устоз кўрган», «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», «Таълим берган устозингга раҳмат» каби ибратли нақллар кўплаб бор. Бунинг маъноси шуки, ҳар қандай касб соҳиби устозсиз шакилланмайди, ҳаётдан ўз ўрнини топа олмайди.Хар йили бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва бу вазифани айни пайтда ҳам шараф билан бажариб келаётган инсонларни касб байрамлари билан табриклашга ошиқамиз. Албатта, ҳар биримиз исталган соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Аввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий ўқув юртида устозлардан сабоқ оламиз. Ота-оналаримиз эса бу борада бизнинг бир умрлик йўлдошимиз. Уларнинг ўгитлари эса алоҳида мавзу. Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган ҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.
Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот — ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Ўқитувчилик жуда ҳам машаққатли, юксак сабр ва матонат талаб қиладиган касб, шу сабабли ҳам унинг ажру савоби беқиёсдир. Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида илм аҳлининг мартабасини баён қилиб, шудай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир”. (Мужодала сураси 11-оят.)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар”
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат — эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшаши керак.
Халилулло Раимқулов
Ховос тумани “Хизиробод”
жоме масжиди имом-хатиби.