Мақола
Устоз — отангдек улуғ: Маърифат ва маънавият масканининг посбонлари
Халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган чуқур маъноли нақл бор. Бу шунчаки чиройли ибора эмас, балки асрлар давомида ҳаёт синовларидан ўтган, инсоншийлик ва маърифат мезони бўлиб келган ҳаётий ҳақиқатдир. Отамиз бизга жисмоний ҳаёт ва дунёвий борлиқни бахш этган бўлса, устоз руҳий ва маънавий дунёйимизни шакллантиради, қалбимизга илм ва одоб уруғини сепади.
Инсон ҳаётда кўп нарсага ўз меҳнати ва интилиши билан эришиши мумкин. Лекин тўғри йўлни топиш, яхши билан ёмонни фарқлаш, илм ва маърифат сирларини уқишда устознинг ўрни беқиёсдир.
Ислом таълимотида ҳам илм ва уни ўргатувчи устозларнинг даражаси ўта баланд тутилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:
«Албатта, мен муаллим — ўргатувчи қилиб юборилдим» (Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда устоз олдидаги одобни таъкидлаб: «Илм ўрганинг ва илм учун хотиржамлик ҳамда вақорни ҳам ўрганинг. Ўзингиз илм ўргатаётган зотларга (устозларингизга) камтарин бўлинг!» деганлар.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари устозлар меҳнатини шундай таърифлаган эди:
Ҳақ йўлинда ким сана бир ҳарф ўргатди ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Ҳақиқатан ҳам, биргина ҳарфни ўргатиш ортида қанча сабр, қанча тунлар ва қалб қўри ётади. Устоз — шунчаки дарс ўтувчи шахс эмас, у шогирдининг келажагини, демакки, бутун бир миллатнинг эртанги кунини бунёд этувчи маънавият меъморидир.
Шундай экан, бизни илм-фан ва маърифат йўлига бошлаган, отамиздек улуғ ва азиз бўлган устозларимизни ҳар доим эъзозлаш, уларнинг дуоларини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Устозига эҳтиром кўрсатган эл ҳеч қачон кам бўлмайди, илми ва умри баракали бўлади.
✍️ Қобилжон домла Асланов