Қариндошлик алоқаларини узиш — гуноҳ

Муқаддас Ислом дини таълимотининг асоси бўлмиш Қуръони карим ва Ҳадиси шарифда инсониятни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка чақирилиб, Унинг томонидан буюрилган амалларни бажариб боришга ва қайтарган ишлардан буткул қайтишига тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло бандаларига шундай меҳрибонки уларга Ўзининг розилигини ибодатлар билан биргаликда инсонлар ўртасидаги муомалаларни холис адо этиш билан ҳам топиш имкониятини берган.
Силаи раҳм — қариндошлик алоқаларини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларни энг яхшиси, унинг акси бўлмиш, яъни қариндошлар билан алоқани узиш эса энг оғир гуноҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди”-дедилар. Қариндошлик алоқаларини узиш ана шундай катта гуноҳки, инсонни жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган гуноҳ ишлардандир.
Табароний айтадилар, “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирардилар ва шундай дедилар. Худо ҳаққи, қон қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Раббимизга дуо қилмоқчимиз. Қон қариндошлик алоқаларини узганлар бор жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул этилмайди –дедилар”.
Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, ичида қариндошлик алоқасини узувчи бор қавмга раҳмат тушмайди” дедилар. Бу огоҳлантиришга эътибор берайликки, силаи раҳимни узган киши нафақат ўзига жабр қилади балки унинг касри оиласига, яқинларига, жамиятига урар экан, демак қариндошлик алоқаларини узганларга бу қилаётган ишлари нотўғри иш яъни гуноҳ иш эканини тушунтириб бермоғимиз зарур бўлади.
Хулоса шуки, юқоридаги оятлар ва ҳадислардан олинадиган нарсалар, силаи раҳмнинг вожиблиги, инсонлар учун энг муҳим амаллардан бўлиб, шариатни ҳам, жамиятни ҳам мустаҳкамловчи омиллардандир. Шундай экан, энг аввал ўзимиз учун ва бошқалар учун нажот йўлини очиб берувчи силаи раҳмга бепарво бўлмайлик. Шояд, айнан, ана шу силаи раҳм туфайли нажот топгувчилардан бўлсак.

Ҳабибулло Ибодов
Гулистон тумани бош имом-хатиби “Иcломобод”
масжиди