Инсон кундалик ҳаётида доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти, осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларига ҳам боғлик бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзигагина ибодат қилишга буюриш асносида жамиятдаги барча тоифа инсонлар қаторида қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюрган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят). Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина хайрга сабаб бўлади. Исломда қўшничилик алоқасига алохида эътибор берилган. Қўшнининг хақи юқори кўтарилиб, унга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб тавсиялар берилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:
«Қўшни уч хил бўлади. Битта ҳаққи бор қўшни у энг ҳаққи оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Бу эса энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидирки унинг қўшничилик ҳаққи бор холос, иккита ҳаққи бор қўшни эса у мусулмон қўшнидирки унда қўшнилик ҳаққи бор ҳамда мусулмонлик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қариндош қўшнидир, унда мусулмонлик, қариндошлик ҳамда қўшничилик ҳақлари бор қўшнидир».
Қўшнига яхшилик қилиш ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади.
Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади. Яхши қўшничилик аломатлари унга мухтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигида табриклаш, деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам намоён булади.
Бир одам Аллоҳ таолодан кўрқиб, қўшнисининг хаққига риоя этса, уни ҳурмат қилса, унинг аҳли-аёлига, мол-мулкига кўз олайтирмаса, бундай қилишни хаёлига ҳам келтирмаса, қўшниси ҳам унга худди шундай муносабатда бўлади. Бундан бошқа қўшнилар ҳам ўрнак оладилар.
Шу тариқа, бутун жамият бир-бирига яхши муносабатда бўлади, охир оқибат бу жамият бахт-саодатли, тинч-тотув яшайдиган жамиятга айланади. Бунинг акси бўлса, бир қўшни иккинчисига ҳиёнат қилади, униси нариги қўшнига ҳиёнат қилади, натижада бутун жамият бир-бирига ҳиёнат қиладиган, алдайдиган, обрўсини тўкадиган жамиятга айланади.
Ботиржон домла Носиров Гулистон шаҳар «Тавҳид» масжиди имом хатиби