Етимларга ғамхўр бўлайлик

Етим сўзи арабча бўлиб “ёлғиз, якка” маъносини англатади. Шариатда  отасини йўқотган балоғат ёшига етмаган шахсларга нисбатан айтилади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладики: “Эҳтилом бўлгандан кейин (болағат ёшига етган) етим бўлмайди”  деганлар.

Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилган етимлар ҳам мавжуд экани маълум. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда хусусан етимларга ғамхўрлик қилиш уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган: яъни:
 “Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”.
Маълумки, фарзандни моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни шариатимиз жамият зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимоти бизларга таълим беради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга Аллоҳ таоло етимликда қандай парвариш этилгани тўғрисида эслатиб шундай дейди: яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.
Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”
Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, — деганлар.
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Сайхунобод тумани «Узунбулоқ»
жоме масжиди имом хатиби
А
садулла УСМОНОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *