ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАСИ

    Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган
     Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда. Ўз-ўзидан Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Инсоният тарихида бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч тотув яшаш мумкин, деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди.
      Ислом самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан деб эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида: «У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шарият қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13 оят)
      Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга Аллоҳ томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган.
      Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди.
     Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди.
     Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).
     Ушбу ояти карима ҳукмига биноан мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шуниндек уларнинг аёлларига уйланса бўлади.
Бошқа самовий бўлмаган динлар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.
      Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган.
 Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жавр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
      Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан» деган ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.

 Сирдарё вилояти  вакил ўринбосари  ЁрбековАбдурауф.                                                                                                                               
    

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *