ОНА — УЛУҒ ЗОТ

Ҳа, она улуғ зот. Оила ва жамият олдида масъулияти ҳам улуғдир. Она бамисоли ер. Ерга уруғ қадалса-ю, ернинг ҳосилдорлиги яхши бўлмаса, ҳар қандай яхши уруғ ҳам яхши ўсмайди. Агар она иймон-эътиқодли, илмли, сабрли, шукрли бўлса, фарзандлар ҳам одобли, илмли, сабрли, шукрли бўлиб улғаяди.
Она диёримиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз сиз-у бизга ҳам фахр, ҳам ибрат намунасидирлар. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Абу Мансур Мотуридий, Имом Абу Лайс Самарқандий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний шулар жумласидан.
Мана шундай буюк зотлар сафида замондошимиз, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам борлигидан ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин!
Халқимиз Шайх ҳазратларининг қолдирган улкан хазиналарини зўр иштиёқ билан ўрганмоқда. У кишининг шундай улуғ, буюк, сабрли, илмли, иймонли, шукрли зот бўлиб вояга етишида волидаи муҳтарамалари Собирахон Тилакберди қизининг ҳам ўрни беқиёс бўлган экан. Падари бузруквори Муҳаммад Юсуф волидаи муҳтарамаси Собирахонга фарзандлари Муҳаммад Содиқга бетаҳорат кўкрак тутмаслигини, халқумини пок сақлашини тайинлаган эканлар. Ёш она бунга амал қилган экан.
Дарҳақиқат, аввало ота-она яхши тарбия кўрган бўлиши керак экан. Фарзандларга ҳам исломий тарбия бериши керак. Биринчи навбатда фарзандига чиройли исм қўйиши, қулоқларига азон айттириши, суннатга мувофиқ ақиқа қилиши, хатна қилдириши, халқумини пок сақлашга ҳаракат қилиши керак экан.
Бешикдаги давридан бошлаб Қуръон оятларини зикр қилиб болани эмизса, руҳи оятлар билан озиқланар, жисми-жони она сути билан озиқланар экан. Бундай болалар буюк, улуғ зот бўлиб етишар экан.
Фарзандини дунёга келтириб, кунни тунга улаб улғайтирган онанинг ҳақи жуда ҳам беқиёсдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: Бир киши ҳазрати пайғамбаримиздан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ! Суҳбатларини олиб, яхши муомала қилишимга энг кўп ҳақли ким?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: -Онангиз!  — Кейин ким? – Онангиз!

Ўша киши яна сўрадилар: — Кейин ким? – Онангиз!

Яна сўрадилар: – Кейин-чи? – Отангиз! — дедилар.

Шундай экан, оналаримиз хизматини қилишдан чарчамайлик. Уларнинг кўнглига озор бериб, дилини оғритмайлик. Бир оғиз ширин сўз кўнглини тоғдек кўтаради. Дуоларини олайлик!
Қайтар дунё, дейдилар. Оналаримизни эъзозласак, бу дунё-ю у дунёда эъзозли бўламиз, иншааллоҳ!
Уларни ранжитадиган бўлсак, ҳаётдан совиб, ўзларини ортиқча буюмдек ҳис қилар экан. Аллоҳ асрасин!
Биз фарзандлар оналаримизнинг юрагига тиргак, кўзларига нур, белларига қувват, дилларига ҳузур ҳаловат берадиган амалларни кўпайтирайлик. Узоқ умр кўришларига ўз ҳиссамизни қўшсак, ўзимиз ҳам кўнглимиз тинч, ҳузур-ҳаловатда яшаймиз. Оналаримиз бебаҳо давлатимиздир!

 Сирдарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.
Раҳима ИСКАНДАРОВА

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *