Муомала одоби.

Ислом дини халқимиз ҳаётига қарийб 14 аср давомида чуқур сингиб кетган БУЮК қадриятимиздир. Мусулмончиликдаги гўзал ахлоқлардан бири бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган муомала одобидир. Чунки инсоннинг гўзаллиги кўринишда эмас, балки унинг муомаласида, ўзини тутишидадир.  Аллоҳ таоло ўзининг суюкли бандалари қандай сифатларга эга бўлишлигини билдириб, дейди:

 “Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, “салом” дейдиганлардир”.
 (Фурқон сураси 63-ОЯТ)
Яъни мўмин банданинг сифати бу камтарин бўлиб, нодонлар гапига парво қилмай фақатгина “саломат бўл” деб жавоб беришликдир. Аллоҳ таоло ўзининг ояти каримасида таъкидлаганидек, мўмин банданинг муомаласи, аввало, саломдан бошланади.

Бизга салом беришни ким ўргатган шуни Расулуллоҳ (алайҳиссалом) эслатиб шундай дейдилар:
“Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ни яратди, у кишининг бўйи 60 зироь эди. Аллоҳ у кишига: “Бор анави бир гуруҳ малоикаларга салом бер ва уларнинг жавобларини эшитиб ол, бу сенинг ва зурриётларингнинг саломи бўлади”, деди. Одам (алайҳиссалом) фаришталарга: “Ассалому алайкум” дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳ” деб жавоб бердилар”.

Ҳар бир ишда намуна бўлган Расулуллоҳ (алайҳиссалом) хушмуомалаликда ҳам барча инсонларга ўрнак бўлдилар.  У кишига душманчилик қилган инсонларга ҳам мулойимлик билан жавоб қайтариб, исломнинг нақадар гўзал эканлигини кўрсатдилар.

Инсонларга муомала қилишда ширин сўз бўлиш ҳам асосий аҳамиятга  эгадир. Ширин сўз воситасида  инсон қалбига йўл топиш мумкин. Атрофимизга эътибор  билан назар солсак, инсонлар бир-бирларига муомала қилганларида ўша инсоннинг муомала маданиятига қараб юмшоқ ёки қаттиқроқ гапирадилар. Инсон ўз мақсад ва орзуларини сўз билан ифодалайди. Меҳр-у садоқати, атрофдагиларга нисбатан қандай  фикрда эканлиги, ўзининг қандай инсон эканлигини ўз муомаласида билдиради. Самиймий муомалада бўлиш инсонларни бир-бирига бўлган меҳр-у муҳаббатни орттиради. Инсон ўзининг самимий муомаласи билан аччиқ ҳақиқатларни ўз биродарига чиройли тарзда етказиб беради. Зеро, халқимиз  «Яхши сўз билан илон инидан чиқар, ёмон сўз билан  пичоқ қиндан чиқар » деб бекорга  айтмаганлар. Инсон яқинларга юмшоқ муомалада бўлиб, уларнинг ҳурматига меҳр-муҳаббатига, қалбларидан суйган биродарига айланади. Аммо бошқаларга қўпол муомалада бўлишлик билан яқинларининг кўнглини қолдиришига ҳурматни йўқотиб, аксинча улар қўрқадиган ёки юзаки муомала қиладиган кишисига айланади. Ёмон  сўз чиққан тилдан , яхши сўз ҳам чиқади. Инсон яхши муомаласи билан савобга эга бўлишлиги ёки дилозорлик қилиб гуноҳкор бўлиши муқаррардир. Ривоят қилинишича, бир куни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу. Каъбанинг деворига суяниб туриб: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим” деган эканлар. Оламларга раҳмат бўлган Расули Акрам (алайҳиссалом) эса: «Яхши сўз ҳам садақадир» деб марҳамат қилганлар.
Шундай экан, келинг мусулмон биродарим! Пайғамбаримиз ва саҳобалардан қолган ҳусни-хулқ ва хушмуомалаликни маҳкам тутайлик ва уни фарзандларимизга ҳам меърос қолдирайлик ва атрофдагиларга доимо ширин сўз билан чиройли муомалада бўлишликни ўзимизга асосий вазифа қилиб олайлик.
 
Сахунобод тумани»Нуширавон»
жоме масжиди имом хатиби
Шаҳобиддин АЛИБЕКОВ

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *