Рахмат ва мағфират ойи яқинлашмоқда

Меҳрибон Роббимиз Аллоҳ азза ва жаллага беадад шукроналар бўлсинки, тинчлик ва офият неъматига насиб айлаб, ризқу насибамизни бериб, яхши амалларга йўллаб қўйди. Айни кунларда бутун дунё мусулмонлари ва хусусан азиз юртдошларимиз ҳам раҳмат ва мағфират ойи Рамазони шарифни интиқлик билан кутмоқдалар. Боиси бу муборак ойда Хақ таолонинг лутфу карами бандаларига нисбатан ҳар вақтдан кўра чандон чандон зиёда бўлади. Бандаларининг ожизона қилган ибодатлари сабаб Ул меҳрибон бандаларини гуноҳларини авф этиб, жаннатнинг олий даражаларини битиб қўяди.

Бу фазилатли ойда инсонлар ҳам бир бирларига нисбатан меҳрлик ва оқибатлик бўлиб, хайирли ишларда ўзаро ёрдамчи бўладилар. Рўза ибодати асносида, очлик ва ташналик қанчалар заҳматли иш эканини ҳис қилиб, хайру эҳсонларини кўпайтирадилар. Бу йилги Рамозини шарифни барча мўъмин мусулмонлар интиқлик ила кутаётганларини сабаби барчага маълум. Жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий саҳифасида жорий йилги Рамазони шариф ойига тайёргарлик кўриш борасида қуйидги мақола чоп этилди:

ЮРТИМИЗ МАСЖИДЛАРИДА РАМАЗОН ОЙИ ВА ТАРОВЕҲ НАМОЗЛАРИГА ТАЙЁРГАРЛИК БОШЛАНДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди.

Жумладан, масжидларда Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг  10 апрель, шанба куни “Озодалик куни” ўтказилади.

Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади. Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади. 
Имом-хатиблар тамонидан ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлари қилинади. Шунингдек масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади.

Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Рамазон ойига эсон-омон етказиб, Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб айласин. Ушбу улуғ ойда бўладиган тоат-ибодатлар ва дуо илтижоларимиз сабабидан бутун дунёдан вабо ва офатларни кўтарсин!
Шунингдек бу ойнинг энг асосий фазилати мазкур ойда инсоният ҳидоятига сабаб бўлган, қиёматга қадар боқий турувчи, ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг мўъжизалари Қуръони Карим нозил бўлган. Шу боис бу ойда кечалари таровеҳ намозларида Хатми Қуръон ўқилади. Уни моҳир қориларимиз адо қилиб берадилар. Мухлис халқимиз унга ихлос билан қулоқ тутадилар. Бу йил ҳам бу борада қилинган иш ва харакатлар юзасидан 1 Апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий саҳифасида матбуот хизмати томонидан жорий йилдаги хатми Қуръонлар борасида қуйидаги маълумотлар берилди:

РАМАЗОН ОЙИДА 1370 ДАН ЗИЁД МАСЖИДДА ХАТМИ ҚУРЪОН БЎЛАДИ

Ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садолари ила бурканади. Намозхонлар жомелардаги таровеҳ намозларида ўқиладиган Қуръон тиловатига бутун вужуди билан соме бўлиб, улкан ажру савобга эга бўлади ва руҳий-маънавий озуқа олади. Бу йилги таровеҳ намози ва Қуръон хатми лаззатини мўмин-мусулмон халқимиз ўзгача соғинч, интизорлик ва шавқ билан кутмоқда. Боиси, ўтган йили коронавирус пандемияси сабаби бу улуғ неъматдан бахраманд бўлолмадилар. Инша Аллоҳ, бу йил юртимиз масжидларида таровеҳ намози ўқилади. Қувонарлиси, 1370 дан зиёд масжидда хатми Қуръон ўтказилади. Маълумки, 2020 йил коронавирус пандемияси сабаб юртимиздаги масжидлар фаолияти тўхтаб, халқимиз кундалик беш вақт намоз, жума, ҳайит ва таровеҳ намозларини жамоат ила адо этолмаган эди. Алҳамдулиллаҳ, бу йил таровеҳдаги хатми Қуръон файзидан баҳраманд бўламиз. Таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга масжидларимизда хатми Қуръонлар зиёда бўлиб, тартиб ва ўзгача тароватда ўтмоқда. Мисол учун, 2019 йил 1220 масжидда, 2018 йил 1149 масжидда хатми Қуръон ўтказилган эди. Қуръон ўқиладиган юртда фаровонлик бўлади. Бу жойга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Рамазон ойида масжидлардаги таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонларда мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилинадиган дуолар Ҳақ таоло даргоҳида мустажоб бўлиб, ўлкамизга осудалик, барака, келади, беморларга шифои комил топиб, коронавирус касаллиги арийди, иншa Аллоҳ. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда юртимиз масжидларида Рамазон ойи ва таровеҳ намозларига тайёргарлик бошлангани ҳақида хабар бергандик. Азизлар бу муборак ойни бошланиши ва якунланиши ойга қараб белгиланишини Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Айни кунларда масъул уламоларимиз бу борада ўз вазифаларини бажармоқдалар. Хусусан жорий йилнинг 30 Март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ҳилолини кузатиш бўйича Марказий Осиё уламоларининг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди. Шунинг учун ҳам азиз халқимиздан бу борада шошқалоқликка йўл қўймасликларини сўраймиз. Бу муборак ойнинг бошланиши албатта расмий саҳифалар ва телевидения орқали билдирилади.

Лулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”
жоме масжид имом хатиби:
Авазхон ЖАЛОЛОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *