Муборак ойни қаршилаб

Юртимизга муборак ой ташриф буюрмоқда. Дуолар ижобат бўладиган ой, гуноҳлар кечириладиган ой, мақому дарожотлар кўтариладиган ой, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файзу бараканинг чеки йўқ бўлган ой, мўминни хурсанд мунофиқни хафа қиладиган ой, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган ой, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган ой, кечаю-кундуз фаришталар ва Жаброил алайҳиссалом ер юзига тушиб сайр қиладиган ой, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир. Бу моҳи шарифи Рамазондир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ва бу Рамазон ойида мўминнинг ризқи зиёдаси билан берилади. Кимики бу муборак ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади”. Саҳобалар сўрадилар: Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб беролмаймиз?! Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимики рўзадорни бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам оғзини очтирса, Аллоҳ таоло унга Ўзи биладиган даражада савоб ёзади. Ва кимики бир рўзадорни тўйдирса, уни Парвардигори олам гуноҳларини кечиради, ичгандан кейин ҳечам чанқамайдиган оби кавсардан ичиради ва ҳатто жаннатга киритади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан қисқартирилмаган ҳолда шунча савоб берилади” — деб марҳамат қилдилар.

Рамазон  кунларида қанча-қанча мўмин биродарларимиз рўзадорларга ифторлик қилиб бериб, ўзларини мағфират мақомига сазовор қиладилар. Ва  холислик билан қилинган ифторликлар ўз соҳибини албатта, дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб боради. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳам мана шундай мақому мартабаларга эриштирсин!

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар.

Бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоинки гапирмасдан дам турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади.  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.

Рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади. Яъни рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам бир яхши мукофот. Рамазонда кунига таровеҳ 20 ракаат ўқилади. Бу дегани 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади. Энди бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи ақлли инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.

Рамазон ойига бефарқ қарайдиган инсонларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ҳадислари бор: “Узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлғиза олмайди”, деганлар. Яна бошқа ҳадисда “Бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг исини ҳам ҳидламайди”, деганлар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатисиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, ҳаётининг ҳаммасини рўза тутиб ўтказса ҳам унинг қазосини адо эта олмас”.

Энди тасаввур қилинг соғлом бўла туриб 30 кун рўза тутмаган инсоннинг аҳволи нима бўлар. Маълумки, бемор, мусофир, қари кишилар, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутишлари узрлидир. Аммо айрим кимсалар борки, рўза тутиш у ёқда турсин Рамазонни ҳатто ҳурмат қилишмайди.

Рамазон ойида рўзани тутмасликка рухсат берадиган узрлар қуйидагилардан иборат:

  1. Сафар – намозни қаср қилиб ўқишга сабаб бўладиган сафар рўзани тутмасликка ҳам сабаб бўлади. Бундай сафарда бўлган одам оғзини очиши ва кейин қазосини тутиб бериши жоиз. Мусофир ўз ихтиёри билан сафарда ҳам рўза тутаверса, яхши бўлади.
  2. Беморлик – рўза тутса ҳалокатга, қаттиқ машаққатга, хасталикнинг зиёда бўлишига ёки тузалишини орқага сурилишига сабаб бўладиган беморликка учраган киши рўзани очиб, кейин қазосини тутиб беради.
  3. Ҳомиладорлик – агар ҳомиладор аёл ўзига ёки ҳомиласига аввалги тажрибалар ёки мусулмон табиб гапи асосида зарар етишини билиб рўзасини очса, рухсат. Кейин имконини топганда қазосини тутиб беради.
  4. Эмизикли аёл – бола эмизаётган аёл ҳам юқоридаги ҳомиладор аёл учун зикр қилинган сабабларга кўра рўзасини тутмай кейин қазосини тутса жоиз.
  5. Қарилик – ёшлари улуғ ёшга етган, яъни ўта қари бобо ва момоларга рўза тутмасликка рухсат. Улар ҳар бир тутмаган рўзалари учун бир мискинни тўйдириш ила фидя берадилар.
  6. Ким оғир машаққат, очлик ва чанқоқ туфайли рўза тутса ҳалок бўладиган, ақли бежо бўладиган даражада ёки аъзоларидан бири ишдан чиқадиган бўлса, рўзани имкон топганда қазосини тутиб беради.

 

Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
масжиди имом-хатиби:
Хуршид  АСЛАНБАЕВ.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *