Марҳабо руҳий ва жисмоний покланиш ойи

     Аллоҳга беадад ҳамду-санолар бўлсинки, ер юзидаги жамийки мўъмин-мусулмонлар, шу билан бирга жаннатмакон ўлкамиз мўъмин-мусулмонлари интиқиб кутаётган, ойларнинг султони бўлган, муборак Рамазони шариф ойи эшик қоқиб турган кунларда турибмиз. Биз мўъмин-мусулмонлар бу ойнинг фазилатли, ҳам руҳан, ҳам жисмонан покланиш ойи эканлигини доимо ёдда тутган ҳолда бу муборак ойда яхшиликларни энг аввало ўзимизни оила аъзоларимиздан, яқинларимиздан, қўни-қўшниларимиздан бошлашлигимиз яъни, уларни моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиришлик, закот берувчилар молларини закот беришлик билан поклашлиги, ўзига тўқ, бадавлат кишилар кам таъминланган мухтож кишиларга ёрдам беришлиги, беморларни аҳволидан хабар олишлик каби сон-саноқсиз эзгу ишларни амалга ошириш, охират номаи аъмолига захира қилиш орзусида амалларимизни бериё, беминнат қилмоқлигимиз, биз учун бошқа ойлардан кўра улканроқ ажру-савобларга эга бўлиш имконини беради. Муборак Рамазон ойининг фазилатларининг беҳад кўплиги хусусида Росули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги умматларимга бўладиган мукофотлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”.

Бу улуғ рўза ибодати хижратнинг иккинчи йили Рамазон ойида қуйидаги оят билан фарз қилинди: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183).

Рамазон ойида Қуръони каримнинг нозил қилинганлиги бу ойнинг муборак ойлигига ҳужжат бўлади. Қуйидаги ояти карима шунга далолат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзани тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардадир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу-хисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара, 185).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Рамазон улуғ фазилатли ой эканлигини англатадиган кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рамазон ойи кириши билан жаннат эшиклари (бир ривоятда: раҳмат эшиклари) очилади, дўзах эшиклари беркитилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”, дедилар. Шундай экан, барчамиз улуғ Рамазони шариф ойининг фазилатларидан жидду жаҳд қилиб ўзимизга олиб қолишимиз, унинг файзу барокотларидан баҳраманд бўлишликка ҳаракат қилишлигимиз лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Рўза қалқондир. (Рўзадор) фахш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки сўкса, икки марта “Мен рўзадорман”, десин. Жоним ихтиёрида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг бўйидан яхшидир.

(Аллоҳ таоло айтади) “Мени деб, (бандам) таоми, ичимлиги, ва шаҳватини тарк қилади. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман. Бир яхшиликка унинг ўн баробари бор”(Имом Бухорий ривояти).

Рўза нафс истакларини жиловлашда жуда муҳим. Рўза охиратда рўзадор билан жаханнам ўртасида тўсиқ бўлади. Аллома Ибн Абдул Бар (рахматуллохи алайҳ): “Рўзанинг дўзахга қалқон бўлиши унинг улкан амал эканига етарли ҳужжатдир”, дейди.

Рўзадор киши ҳар бир ҳаракатида одоб доирасидан четга чиқмаслиги лозим. Айниқса, фахш сўз ва жохилликдан сақланиши керак. Фахш деганда, уятсиз гапларни гапириш, масхаралаш, бақир-чақир қилиш, талашиб-тортишиш, жанжал чиқариш каби мўъминга ёт бўлган иллатлар тушунилади. Имом Қуртубий айтади: “Бу дегани, рўзадан бошқа пайтларда фахш сўзларни айтиш мумкин, дегани эмас, балки рўзадор одам янада яхши хулқли бўлиши лозим деганидир”.

Рўзадор унга тазйиқ ўтказмоқчи бўлган кишига “мен рўзадорман”, дейиши керак. Имом Заркаший (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мен рўзадорман дея инсон биринчи қалби билан, кейин тил билан айтади. Қалби билан айтганида, ўз тилини уни урушмоқчи бўлган кишига азият етказишдан тўхтатиб қолади, тили билан айтганида, ўзини урушмоқчи бўлган кишидан ҳимоя этади”. Бу билан рўзадор нодон-жохил кишиларга ҳам рўзани эслатиб, уларни яхшиликка чақиради.

Рўза тутган кишининг оғзидаги ҳид мушкнинг ҳидидан-да муаттар бўлади. Манбаларда қиёматда ҳар бир ибодатдан хушбўй ҳид таралади, рўзанинг ҳиди уларнинг орасида алоҳида ажралиб туради, дейилган.

Киши рўза тутганини фақат унинг ўзи ва Аллоҳ таоло билади. Шу боис унинг мукофотини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Рамазонда қилинган яхшиликка ўн, юз, ҳатто ихлосига қараб, ундан ҳам кўп ажр ёзилади. Яратган ҳар биримизга рамазон рўзасини чин ихлос билан тутишимизни ва гўзал ахлоқ билан ўтказишимизни насиб этсин.

     

Боёвут тумани бош
имом-хатиби:
Алижон ЭРАЛИЕВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *