Эҳсон қилувчиларга аллоҳнинг ваъдаси

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради. Келинг шу ўринда аслида “эҳсон” ўзи нима эканлиги ҳақида билиб олсак.

“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида эҳсон ва яхшилик қилишликка буюргандир. Иброхим сурасининг 31-оятида шундай мархамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”

Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмокда. Сиртдан қараганда хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб кўпайганидек, хайр-эҳсон этилган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Уни Аллоҳнинг Ўзи кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мурод — Аллоҳнинг йўлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир. Аммо бу ҳам охирги чегара эмас:

  “Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир”.

  Демак, Аллоҳ таолонинг йўлида сарфланган бир дона молнинг савоби етти юз марта кўпайтирилиб берилиши ҳам охирги чегара эмас. Аллоҳ таоло хоҳласа, етти юздан яна неча чандонга кўпайтириб бераверади.

Дарҳақиқат, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор. Яъни, “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки(бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” (Анъом сураси, 160-оят).

Мана диёримизга барча мўмин-мусулмонлар интиқиб кутаётган Рамазони шариф ойи кириб келди. Биламизки, Рамазон ойи бу — хайр-саҳоват, меҳр-мухаббат ва  мурувват  ойидир. Рамазон ойида битта қилинган савобли амал эвазига  бир неча баробар савоб кўпайтириб бериладиган ой ҳисобланади. Шу сабабли инсонлар айнан мана шу ойда қўлдан келганича қўпроқ савобли амаллар қилишга уринадилар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этиб, Ўзи исрофдан сақланишимиз учун мадад берсин. Рамазон ойи муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳақ ва ҳидоят йўлида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.

Улуғбек КАБИЛОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик”
жоме масжиди имом-хатиби:                                            

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *