Исрофгарлик — қашшоқлик келтиради.

«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз бу соҳада исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб  оламиз.  Сув,  озиқ-овқат,  кийим-бош,  ёқилғи  ва  бошқа неъматларни   истеъмол қилишда кўп ҳолларда  исрофга йўл қўямиз. Ном чиқариш, обрў қозониш,  бошқалардан устун  ёки  пулдор эканини кўрсатиш учун  уйларни  ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни  бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.

        Аллоҳ таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
              “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва ҳасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар” (“Фурқон” сураси, 67 оят).

    Инсонга мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади. Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб  юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган  бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг  мушкулини  осон  қилиш, қарзини тўлай олмаётган  бир танишини  қўллаб  юбориш мумкин-ку!
        Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди».
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди,  ҳалокат билан якунланади.  Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади.  Шамини кундузи  ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Кераксиз ўринга пул-мол сарфлаш ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин  бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Юз сўмга олинадиган нарсага ҳовлиқиб минг сўм тўламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.

         Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмaганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли  кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни  ҳисоб-китоби  билан сарф қилиш  фойданинг ярмидир.
      Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди:  «Исрофингга бир чегара қўйиб,  пулингни  тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол,  шунда аҳволинг ўнгланади».  Улуғ донишманднинг тавсияси  бугунги  кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят  қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?

 

Сирдарё вилояти   Ховос тумани    “Абу Ҳанифа”  жоме масжиди   имом  хатиби:Ёрбеков Абдурауф                                                          

 

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *