Тинчлик-хотиржамлик ва саломатлик – олий неъмат

      Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта, Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

         Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилади. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким ўз уйида тинч-хотиржам, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилибди” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

         Нега ҳадисда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: омонлик, соғлик ва таомга урғу берилди?

         Тинчлик.  Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?!  Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин? Ишга, ўқишга отланаётганда оила улуғларини дуосини олиб кўчага чиқишнинг барокотини ҳаммамиз яхши биламиз.

         Тинчлик-омонликда яшаш бу – жон, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демак.

         Бу борада ҳам Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) барчага ўрнак бўлганлар. Қисқа муддат – 23 йил давомида ширк, фитнаю фасод, зулмга бутунлай барҳам бериб, тинчлик ва адолатни қарор топтирганлар.

         Муқаддас динимиз 5 нарса – дин, ақл, жон, насл ва молнинг омонда бўлишини асосий мақсад қилган. 

         Соғлиқ.     Тани соғ, ақли расо киши қанча шукр қилса – кам. Ибодатларни мукаммал адо этишнинг биринчи омили ҳам шубҳасиз соғликдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилинади. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Икки неъмат борки кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – Тинчлик ва хотиржамликдир” дедилар. (Имом Табароний)

         Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматни соғлом жамият барпо этишга буюрганлар. Шу билан бирга, турли хасталиклардан сақлашини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилганлар. Мўмин киши замонавий тиббиётнинг имкониятларидан фойдаланиши, Шифо берувчи – Аллоҳдан турли касалликлардан паноҳ сўраши зарур.

         Таом.         Бир куни Умар (розияллоҳу анҳу) сарёғ тановул қилаётиб бир Бадавийни дастурхонга таклиф этди. Бадавий нонни идиш тагидаги ёғга суриб, иштаха билан ея бошлади. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Сен сут-қптиғи йўқ одамга ўхшайсан”, деди. Шунда Бадавий: “Аллоҳга қасам, анчадан бери сарёғ емадим ва у (бизда) ейилганини ҳам кўрмадим”, деб жавоб берди. Шунда Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Тўқлик даври келмагунча мен ҳам сарёғ емайман”, деди. (Имом Молик ривояти).

         Барчамиз бахтли-саодатлимиз, десак арзийди. Чунки юртимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин. Ҳамма нарса муҳайё. Фақат бир нарса камдек назаримизда. У – ШУКР! Шукр қилайлик, шунда неъматлар янада зиёда бўлади. Иншаа Аллоҳ!         Сўзимизни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)га қилган насиҳатлдари билан якунлаймиз. “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

         Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, омонлик, хотиржамликни тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин!                                                       

Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани «Хазрати Хизр»
 жоме масжиди имом-хатиби.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *