Ажри улуғ амал

“Етим” сўзини эшитсак кўнглимизда қандайдир хислар пайдо бўлади. Хўш, аслида “етим” деб кимни айтамиз?

      Ибн Манзурнинг “Лисанул-араб” китобида айтилишича, одамнинг етими отаси вафот этган боладир, ҳайвонот ва қушларда эса онасидан айрилган болани етим дейилади.Етимликнинг асли луғатда “ғафлат” маъносини англатади.“Етим” деб аталишига сабаб, отасининг вафотидан сўнг унга яхшилик қилишдан ғафлатда бўлиб қолинади. Шунингдек, у ёлғизланиш маъносини ҳам билдиради.

        Демак, “етим” атамаси  балоғат ёшига етмай отаси вафот этган ёш болаларга нисбатан қўлланади. Шунингдек, отаси валийлик, бошқарув ва нафақа қилиш шартларини йўқотган бўлса, яъни ақлидан айрилган, молни тасарруф қила олмайдиган мажнун бўлса ёки болаларини умуман парвариш қилишга қодир бўлмайдиган оғир касал бўлса, бундай бола ҳам етимлар қаторида саналади. Яна ота-онаси ва насл-насаби маълум бўлмаган ташландиқ бола ҳам етим қаторидадир. Бундай боланинг бошидаги бало отасини йўқотган етимнинг балосидан қаттиқроқ, уни риоя ва парвариш қилиш бошқалардан кўра ҳам зарурроқдир. Аллоҳ таоло айтади: “Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир” (Аҳзоб, 5). :

      Ибн Манзур «Лисанул-араб» луғат тўпламида айтганидек, етимлик “ёлғизланиш” маъносини ҳам англатади. Ота-онаси бор бўла туриб, ёлғизланиб қолган бола ҳам ўзини етимдек ҳис қилади.

      Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича то­пилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетади.Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда фарзандларидан нима сабабдан тонгани, унга меҳр-мурувват кўрсатмагани учун жавоб беришади.

      Қуръони карим етимга унинг отасини йўқотганидан кейинги руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам, моддий жиҳатдан ҳам баб-баробар эътибор қаратган.Чунки, болани бу вақтда синиқлик, хўрлик, ёлғизланиш ҳислари эгаллаб олган бўлади

       Етимга бўлган бундай юксак эътибор Аллоҳнинг Пайғамбари қалбига – ўзлари ҳам етим ҳолда туғилиб, етим бўлиб ўсиб-улғайган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига ваҳийнинг илк нозил бўлиш давриданоқ очиқ кўринди.

        У зот ер юзидаги етимлар қалбига саодат ва лабларига табассумни қайтарган етим зот эдилар.Парвардигор Ўзининг Ҳабибига шундай марҳамат қилди:

       “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Парвардигорингиз) сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими?У зот сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку! У зот сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!” (Ваз-зуҳа: 6-8).

       Яъни, сиз етим бўлиб туғилдингиз, У сизга бошпана берди, сизни Ўзининг инояти, риояси, ҳифзи ва фазли билан ўради.

        Камбағал эдингиз, Аллоҳ қалбингизни қаноат ва розилик билан бой қилди. Кейин сизни ҳалол-пок ризқлар билан мўл-кўл қилди.

        Жоҳилият шароитида, қайсар инсонлар ичида йўл истаб юрган эдингиз, Аллоҳ сизни ҳаққа ҳидоят қилди, қалбингизни хотиржам қилди, қулфи дилингизни очди, зикрингизни юксалтирди, елкангиздаги оғир юкни олиб ташлади.

       Бинобарин, шунча неъмат ва марҳаматлар, файзу баракотлар бўлганидан сўнг у зотга мана бундай раббоний кўрсатма келмоқда:
“Бас энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!Парвардигорингизнинг (сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида бўлса, (кишиларга доимо) сўзланг!” (Ваз-зуҳа: 9-11).

 Етимнинг ҳолига эътибор ана шундай улуғ кўрсатмалар орқали келди.  

Аллоҳ азза ва жалла етимларнинг молларини авайлаб-асрашга, уларни талон-тарож қилмасликка, уларга нопок нарсаларни аралаштирмасликка, улар билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларда тижорат қилмасликка, етимнинг ҳаққини  емаслик, бу борада  адолатсизлик қилмаслик  тўғрисида амр қилади: “Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз!Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди”(Анъом: 152).
Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни кафилликка олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ қилинглар.Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилувчидир” (Нисо: 6).
“Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!” (Нисо: 10)
 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай мар­ҳа­мат қилдилар: “Етим, тул аёл ва мискинлар ҳожати йўлида ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жон фидо этувчи, кундузлари рўзадор, кечалари уйқусиз тоатда бўлувчи киши кабидир”.
“Аллоҳга қасамки, агар Суннатда ушбу мавзуда қуйидаги биргина ҳадис келган бўлиб, бошқа ҳеч қандай ҳадис бўлмаганида ҳам, шунинг ўзи ҳам кифоя қилган бўларди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана бундай турамиз”,— деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар”. (Бухорий, Термизий, Абу Довуд ривояти).
 Етим боласини деб турмуш қурмаган бева аёлнинг фазли ҳақида Авф ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Мен билан эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл жаннатда мана бундаймиз”,- деб бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:Олдимга икки етим қизини олиб бир аёл кириб келди. Бир нарса беринг, деб сўради. Лекин олдимда битта хурмодан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Мен ўша хурмони аёлга бердим. Аёл хурмони иккига бўлиб, қизларига берди. Сўнг ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Шунда у зот: “Ким қизларга мана шундай валий бўлса ва уларга яхшилик қилса, улар унинг учун дўзаҳдан парда бўлади,— дедилар”
Абу  Умома  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади”,- дедилар.
 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­сул­монларнинг энг яхши уйи унда етим яхшилик кўрадиган уйдир. Му­сул­мон­лар­­нинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қили­на­диган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шун­дай бўлади”, деб икки бармоқларини бир-бирига жипслаштириб, ишора қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳасандан ривоят қилинади: “Ибн Умар қачон овқат еса, ҳузурига бир етим ҳозир бўларди”. Ҳатто у киши  овқатга кеч қолган етимга ҳам борини берганлар.

Етимни одоб-аҳлоқли қилиб тарбиялаш тўғрисида Сумайя Аткийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
  “Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди. Шунда у: “Мен етимни тўғри йўлга кириб, адаб олгунича ураман, деди”
  Асмо ибн Убайддан ривоят қилинади: Ибн Сийрийига:” Менинг ҳузуримда бир етим бор”,- дедим. “Унга ўз болангга қандай қарасанг, шундай қарагин.Болангни нима учун урсанг, уни ҳам шунинг учун ургин”,- деди”.

Дарвоқе, етимнинг кўнгли ярим, унинг бошини силаш керак экан деб, унинг беодоб, аҳлоқсиз бўлиб қолишига шароит яратиб қўйиш керак эмас.Албатта, дастлаб етим болага  ширин сўз билан, мулойимлик билан таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ беришга ҳаракат қилинади, гапга кирмаса, одобсиз бўлса, уни уриб бўлса ҳам тарбиялаш керак. Кўпинча ёш болалар гапга тушунмай, ўз фойдасини билмай, ўйинқароқлик қилади, ана шу вақтда бу болалар етим бўлса, уни ўз тарбиясига олган кафиллар қаттиқ туриб, одоб бериши керак бўлади.
Шуни унутмаслик керакки, етимни кафилликка  олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, фарзандлари бор бўлган кишилар етимларни қарамоғларига олсалар, ўз фарзандлари қатори уларнинг ҳам бошини силасалар жуда улуғ ажр-савобларга сазавор бўладилар, “Етимга худди меҳрибон отаси каби бўл! “Бу, етимпарварликка энг кучли ва балоғатли даъватдир”,- дейди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳу алайҳ. Дарҳақиқат, бировнинг боласини тарбиясига олган ота етимга худди унинг отасидек меҳрибон бўлиши шарт. Етимни ўз боласидек кўриб парваришлаган одам охиратда ҳам бу дунёда ҳам Аллоҳдан фақат яхшилик кўради. Етимга озор берганлар эса, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дили қаттиқлигидан шикоят қилган эди, у зот: “Дилинг юмшашини истасанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила”, дедилар” (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 854)
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши қалби қотиб қолаётганидан шикоят қилиб келган эди, унга: “Қалбинг юмшаб, ҳожатингга етишни истайcанми? Етимга меҳрибонлик қилиб, бошини cила, таомингдан едир, шунда қалбинг юмшаб, ҳожатингга эришаcан!”, дедилар”. (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 80).
Етимни бошини силаш дегани моддий-маънавий, таълим-тарбиявий, жисмоний-тиббий муҳофаза қилиш, меҳр бериш билан етимнинг қалбини юксак фазилат ва эзгуликларга ошно қилишдир. Етимни кафолатга олувчи уларнинг манфаатлари йўлида елиб-югуриши яъни уй-жой, еб-ичиш, кийим-кечак билан таъминлаши, ҳар қандай зарардан уларни асраб- авайлаши, байрам ва таътилларини яхши ўтказишларида ҳам масъулдир!Дарвоқе, кафилликка олган киши меҳрибон, адолатли, масъулиятли бўлмаса, етимнинг тарбияси бузилиши ва жиноят кўчасига кириб қолиши ҳам мумкин.

         Демак, етимларга ғамхўрлик қилишда иккита муҳим фойда ҳам бор: бири жамиятни ёмон ахлоқли ёшлар келиб чиқишидан сақлаш, иккинчиси, яхши хулқ соҳибларини кўпайтиришдир. Асосийси, етимларни кафилликка олганлар, етим боқаётганлар уларга яхшилик қилишга, тарбияларига эътибор беришга, меҳрибонлик қилишга, фойдали илм беришга, намозга буюришга, гуноҳлардан қайтаришга масъул бўлишлари керак.

       Ҳаётда бот-бот учраб турувчи яна бир ачинарли холат ҳақида гапиришимиз жоиз. Тўғри, одатда ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам бўлма­ган бечора етимлар молини ўзлаштиришдан кўп одамлар тийилиши мумкин. Аммо эри вафот этиб, бир этак вояга етмаган фарзандлари билан қийналиб яшаётган аёлнинг ўзгалар қистови билан ўтказаётган “эҳсон” ига бориб, у ерда етимга тегишли молдан, таомдан истеъмол қилишдан ҳар қандай одам ҳам сақла­на олмайди.Балки кўпчилик буни билмас ёки эътибор бермас.Афсуски, атрофимизда бундай ҳо­лат­лар кўп кузатилади.Биз бу нар­сага аҳамиятли бўлиб, бечо­ра­ҳол етимлар таомидан ейиш ўрнига уларга ёрдам бериш­га ҳара­кат қилишимиз керак. Балки, ушбу маросимни етимнинг ама­ки­си ёки тоғаси ўтказиб бераётган бўлиши мумкин. Бироқ ўша маросимни қилиш ўр­нига пулни етимнинг таълими, уст-­бо­ши ва бош­қа зарур эҳтиёжлари учун ишлатиш кераклиги кўп­чилигимизнинг хаёлимизга келмайди.

Аллоҳ таоло ҳаётда бўладиган синовларга сабр этмай, шош­қа­лоқликка йўл қўядиган кимсаларга қарата бундай хитоб қилади:
“Йўқ!Аксинча,  сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) ик­ром қилмайсиз. Мискин (бечорага) таом беришга ҳам бир-­би­рингизни тарғиб этмайсиз. Меросни эса (ўз улу­шин­гиз­га ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз”
 (Фажр, 17–19).
Қуйидаги оятда етимларни кимлар хорлаши очиқ-ой­дин баён қилинган:
“Динни (охират жазосини) инкор этадиган ким­сани кўр­ганмисиз?! Бас, у етимни жеркийдиган ва (кишиларни) мис­кин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган ким­садир” (Моъун, 1–3)
 Демак, Аллоҳ ва охират кунига ишонган банда етимни ҳурмат қилади, унга меҳр кўрсатади. Имони йўқ, Аллоҳга ишонмайдиган кимсагина етимни хўр­лайди, унга зулм қилади, қў­пол муносабат­да бўлади.Етим-есир, бева-бечорага мурувват кўрсатиш фа­қат олижаноб кишилар қўлидан келади. Етимларга шафқат кўрсатиш инсонга кўп раҳмат эшик­лари очилишига сабаб бўлади.
Дарҳақиқат, мусулмонлар бор жойда етимлар ҳеч қачон кўчада қол­маган. Қаер­да етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар бўлган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эт­моқ­да. Жумладан, ҳукуматимиз, кенг жамоатчилик томонидан етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда, уларнинг уйлари  таъмир­ланиб, турар жой зарурати бўлганларга янги уйлар қурилиб,  уст-бош, озиқ-овқат билан  таъминлан­моқда. Ўқишлари, ишлашлари, саломатликларини тиклашлари учун холисаниллоҳ ёрдам берилмоқда. Охиратда Аллоҳнинг розилигига эришай, деган банда борки, етимга ғамхўр­лик кўрсатади, унга зулм етказишдан сақланади. Агар етимга яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, жуда бўлмаганда унга зулм қилишдан, азият етказиш­дан эҳтиёт бўлишимиз керак.

          Аллоҳ таоло барчамизни етимпарвар бўлишимизни, етимларнинг бошини силаб, қалбларимиз юмшашини ва охиратда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишимизни насиб этсин.Амин!

                                                           

Муяссар   Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.