Қурбонлик ҳақида

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимики чин кўнгилдан, ихлос билан қурбонлик қилса, у қурбонлиги у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар.

“Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади!”

“Эй Фотима, тур қурбонлигинга гувоҳ бўл. Биринчи тўкилган қон билан сенинг қилган гуноҳларинг кечирилади”.

“Сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, узҳия бу нима?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир”. Яна сўрадилар: “Ундан бизга нима фойда бор?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир туки учун савоб бор”, дедилар.

Қурбонликнинг гўштини тақсимланиши 3га бўлиб, бир қисмини фақир қариндошларига, бир қисмини қўшниларига ва бир қисмини ўз оиласи олиб қолади. Иложи бўлса ўзига олаётганида бўлинган қисмидан кўпроқ олмасин. “Эй инсонлар, албатта Аллоҳ яхшидир ва фақат яхши нарсаларни қабул қилади”.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсиндириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг ”. (Ҳаж сураси, 37-оят)

Барро ибн Озиб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонлик қилинадиган жонлиқнинг нуқсони ҳақида сўраганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, бирма бир бармоқлари билан санаб жавоб бердилар: “4 нарса бўлса қурбонлик жоиз бўлмайди: 1. Аниқ кўр бўлса 2. Касаллиги кўриниб турган бўлса 3. Юролмайдиган даражада чўлоқ бўлса 4. Суягида илиги бўлмаган даражада ориқ бўлса”

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар айблардан саломат бўлмоғи керак. Камчиликка эга ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Уларни бирма-бир санаб ўтамиз.

  1. касаллиги аниқ ошкор бўлса
  2. суяклари мағзида илик қолмайдиган даражада озғин бўлса
  3. икки ёки бир кўзи кўр бўлса
  4. оқсаётган оёғини ерга босиб, қурбонлик қилинадиган жойга боролмайдиган даражада чўлоқ бўлса
  5. тишларининг кўпи тўкилган бўлса
  6. қулоғини ёки думининг ярмидан кўпи узилган ёки кесилган бўлса
  7. шохларидан бири ёки иккиси томири билан кесилган бўлса (туғма шохсиз бундан мустасно) Шохсиз қўчқор сўйса бўлади, масалан қозоқи, ҳисори қўйлар. Аммо қўчқорнинг шохи бўлиб тагидан синган бўлса, қурбонлик ярамайди.
  8. қўйнинг бир, қорамолнинг икки елинининг учи узилган бўлса
  9. думи ёки қулоғи туғилган пайтиданоқ бўлмаган бўлса
  10. бурни кесилган бўлса
  11. фақат ахлат еган бўлса
  12. тилининг кўп қисми кесилган бўлса, лекин қурбонлик ҳайвоннинг ғилай, қўтир, қулоқларининг тешилган ёки ёрилган ёки учидан кесилиб осилиб ётган ҳолатда бўлишида, жинсий олатларининг йўқлигида ёки бичилган ҳолда бўлганлигида зарар йўқдир.

“Уларга Одамнинг икки ўғли (Қобийл ва Ҳобийл) ҳақидаги хабарини ҳақиқати билан тиловат қилиб бер. Иккиси қурбонлик қилганларида, биридан қабул қилинди, унисидан эса қабул қилинмади. (Қурбонлиги қабул бўлмаган Қобийл укаси Ҳобийлга): “Сени, албатта, ўлдиражакман!” деди. (Ҳобил) эса: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилар”(моида сураси, 27-оят.)

Сўйиладиган ҳайвонларни ейилиши мумкин бўлмаган қисмлари қуйидагилар:

  1. оққан қони
  2. эркакли жинсий олати
  3. урғочилик жинсий аъзоси
  4. эркакли жинсий мояги
  5. сийдик халтаси
  6. ғуддаси
  7. ўт пуфаги
  8. умуртқа орасидаги ҳаром мағз

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилишни ирода қилганларида бичилган, оқ қора рангли, шохдор, катта-катта иккита, семиз қўчқорни сўйдилар. Бас биттасини Аллоҳнинг бирлигига иймон келтирган ва Пайғамбаримизнинг рисолатларига ишонган умматлари учун ва биттасини эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номидан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи номидан сўйдилар”.

ҚУРБОНЛИК МАКРУҲЛАРИ

Қурбонликни тунда сўйишлик макруҳ. Агар киши қурбонликка бир қўчқорни қасд қилиб олса, сўнг бошқасини сўйса макруҳ бўлади. Қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси сотилмайди балки садақа қилинади.

“Ким қурбонлик қиладиган чорпосининг пўстини сотса, бас қурбонлик қилмагандек”.

“Али розияллоҳу анҳу дейдилар: Менга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туяни сўйишликни буюрдилар. Кейин ҳаммасини  тўлалигича тақсимланишни амр этдилар: гўштларини, суякларини, терисини ва калла-почаларини тақсимладим. У қурбонликдан эса бирор бир нарса қассобга берилмади”.

Қурбонлик қилинадиган молнинг юнгидан ёки сутидан фойдаланиш, қурбонликни аҳли китобларга сўйдириш, қурбонлик гўштидан ёки терисидан қассоб ҳаққини бериш, туғиши яқин бўлган жонлиқни қурбонлик қилиш макруҳ. Қурбонлик сўйилаётганда ўтмас пичоқ билан кесиш ёки жонлиқнинг олдида пичоқни қайириш ҳам макруҳ.

ҚУРБОНЛИКНИ СЎЙИЛИШ ТАРТИБИ

Қурбонлигини киши қодир бўлса ўзи сўйса афзал.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита шохли, ола қўчқорни қурбонлик қилдилар. Уларни ўз қўллари билан сўйдилар, тасмия айтдилар, такбир айтдилар ва оёқларини бўйнига қўйдилар”.

Аммо бировга буюрган бўлса ўзи бошида турсин. Жонлиқни сўйишдан олдин ушбу оятни ўқиб:

“Айтинг, менинг намозим, ибодатларим, яшашим ва ўлимим оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ”

Кейин “Бисмиллаҳ Аллоҳу акбар” деб сўяди. Сўнг қурбонликнинг қонлари тамоман оқиб бўлганича такбир ташриқни айтиб туради.

“Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар валиллаҳил ҳамд”.

“Ҳайитларингизни такбир айтишлик билан зийнатланглар!”.

Демак, ҳайит кунлари такбири ташриқни кўпроқ айтишимиз дунё ва охиратда биз учун манфаат келтиради.

“Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаганлар бизнинг масжидларимизга келмасин”.

Қурбон ҳайитида қилинган қурбонликларни Аллоҳ таоло даргоҳида мақбул айласин! Бу байрамда қилинадиган ҳар бир дуойимизни Парвардигор ижобат айласин! Ийдул Азҳода хонадонларимизга хурсандчилик киритгани билан бирга баракотлар олиб кирсин. Қалбларимиздаги эзгу ниятларга етказсин. Аллоҳ мусулмонларни азиз қилсин. Худои таборак ва таоло юртимизни тинч осуда ва осмонини мусаффо айласин, Ватанимиз мустақиллигини барқарор айласин.

 

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилоят бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.