ЗУЛ ҲИЖЖА ЎН КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло бандаларнинг нуқсонлари кўплигини билганидан ҳам шу нуқсонларни ўрнини тўлдириш учун йилдаги баъзи ой ва кунларни бошқаларидан афзал қилиб қўйган. Зул ҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги шулар жумласидандир.

Бу борада турлича ривоятлар келганига кўра уламолар азалдан шу ҳақда баҳс қилганлар. Баъзи олимлар бу ўн куннинг кундузлари Рамазон ойининг кундузларидан афзал, дейишган бўлса, бошқалари эса бу ўн кунлик ҳам кундузи ҳам кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг кундузи ва кечасидан ҳам афзал, дейишган. Бироқ, шу маънода келган ривоятлар бироз ишончни йўқотган бўлиб заифроқ бўлгани сабабли буни қатъий айтиша олишмаган.
Ҳар ҳолда бу кунларнинг афзаллиги ва ундаги солиҳ амаллар бошқа кунлардагидан кўра минг чандон кўпроқ ажр-савобларни ҳосил қилишида эса ҳеч шубҳа йўқ.
Қуйида ўша ривоятлардан баъзиларини эътиборизга ҳавола қиламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ўн кунликдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага солиҳ амал маҳбуброқ бўлган кунлар йўқдир».
Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида жиҳод қилиш ҳамми?» дейишди.
У зот: «Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида жиҳод ҳам. Илло бир киши ўз жони-ю ва моли билан чиқиб ҳеч нарсасиз қайтса», дедилар.

Бухорий ривояти.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ азза ва жалланинг наздида мана шу ўн кунликдан кўра буюкроқ бўлган кунлар ҳам солиҳ амал ҳам У Зотга маҳбуброқ бўлгани йўқдир. Бас, унда таҳмид, таҳлил ва такбирни кўпайтиринг».

Байҳақий ва Аҳмад ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиб деди:
«Дунё кунларидан Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиниши маҳбуброқ бўлган бу ўн кунликдан бошқаси йўқдир. Унинг ҳар кунги рўзаси бир йиллик рўзага тенг ва ундаги ҳар тунги бедорлик қадр кечаси бедорлиги кабидир».

Термизий, Ибн Можа ва Ибн Адий ривояти.

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Ховос тумани “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *