Кўнгилларни хушнуд этувчи байрам

Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло бандаларига амр қилгандир.Қурбон ҳайити мусулмонларнинг шод-ҳуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрами бўлиб, уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш жоиздир. 

Одам боласи учун Қурбон ҳайити куни Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилишдан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқлиги,  қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши китобларда айтилган.

    Дарвоқе,  “қурбонлик”  сўзи  араб тилида  “яқинлик”,  “худога яқинлашув” бўлиб, истилоҳда  яқинлашиш ва унинг раҳм-шафқатига сазовор бўлиш учун  жонлик сўйиш деган маънони билдиради.  Қўй, эчки, қора мол, туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади.Қўй бир киши учун, қора мол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишининг номидан сўйилса ҳам бўлади. Қўй – 1 ёшли, қора мол – 2 ёшли ва туя – 5 ёшли бўлиши керак.Лекин, олти ойлик қўзи бир ёшли қўй каби  кўринишда  бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлаверади.  Мазкурларни урғочисини ҳам қурбонлик қилса бўлади.  Яна шуниси муҳимки, Аллоҳ учун қилинаётган қурбонлик қусурсиз, мукаммал, чиройли ва соғлом бўлиши керак.

    Қурбонлик  учун аталган жонлиқ дуо нияти билан:  “Менинг намозим, ибодатларим, яшашим ва ўлимим оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир” (Анъом сураси, 162-163-оятлар), ояти каримаси ўқилганидан кейин “Бисмиллаҳ,  Аллоҳу Акбар”, деб сўйилади.

    Қурбонлик сўйишнинг вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилгандан бошлаб, ўн иккинчи кунининг қуёши ботишидан сал олдинроғидир. Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар:”Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз(ҳайит) намозини ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб, жонлиқ сўйишимиздир.Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор-йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос.Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас”. Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: «Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир…» (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Қурбонлик ўзи нима?», — деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», — деб жавоб бердилар. «Ундан бизга қандай ажр бор?», — дейишганида эса, у зот: «Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур», — дедилар… (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари). Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир  ҳадиси шарифда:  “Шубҳасиз, у сўйилган жонлиқ қиёмат куни шохлари ва жунлари билан (гувоҳликка) келади. Ҳеч шубҳа йўқ, қурбонлик ҳайвониниг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. (Бас шундай экан) қурбонлик қилиш билан кўнгилларингизни хушнуд этинглар” – дея марҳамат қилганлар.

   Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукроналик ҳиссининг рамзи ўлароқ қон чиқариш динимиз Ислом таълимотида буюк амаллардан саналади. Бу – қалбдаги тақводан, иймон нуридан далолатдир.

    Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўйиш ниҳоятда фазилатли ва савобли амаллардан эканлигига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди. (Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин!» (Термизий ривояти).

   Дейилмишки, мусулмон киши қилган қурбонлиги билан Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ҳамда тақвосини намоён қилиб,  ажр ва мукофатларга эга бўлиб,  қиёмат кунида дўзах ўтидан омонда бўлади.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ,  балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.Шунингдек, Қурбон ҳайити байрами арафасида ёки қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлари моли нисобига етган мусулмонга ҳам қурбонлик қилиши вожиб бўлади. Бу ибодат фақир, мискин ва мусофирларга вожиб эмас.Шунингдек,моли нисобига етган одам мусофир бўлиб қолса, унга ҳам қурбонлик қилишлик вожиб бўлмайди.

   Ҳар бир одам ўзи сўйган қурбонлигининг гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини хонадонига қолдириб, бир қисмини қариндошлар, қўшнилар, дўсту биродарларни чақириб, зиёфат қилса, бир қисмини камбағал, ногирон, етим, бева-бечораларга тарқатса, савоб бўлади.

     Моллари ҳисобланиб,  нисоб соҳибига айланган муҳтарама аёлларимизга ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.Шунингдек, хайит намозига борувчи эркакларимизни  рисоладагидек кузатиш, қайтганларида оила аъзоларининг дастурхон атрофида жам бўлиб, чиройли дуолар қилиб, бир-бирларига байрам совалари, байрамона кайфият улашишлари, оиладаги байрамона руҳ ҳам асосан, солиҳа аёлларимизнинг хизматлари ва ҳимматларига боғлиқ, албатта.

    Ҳайит кунида қариндош-уруғ, ёру биродарларни зиёрат қилиш, хайру эҳсонлар улашиш билан кўнгилларни шод этиш, ортиқча дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўймаслик  ҳам чиройли амаллардандир.

    Қурбон ҳайити куни ёр-биродарлар, қариндошлар  билан қучоқлашиб кўришиш,  уларни байрам билан қутлаб, “Ҳайитингиз муборак бўлсин!” каби сўзлар билан табриклаш  ҳам яхши амал  ва  улуғ куннинг одобларига киради.

    Кириб келаётган Ҳайит байрами муборак бўлсин, азизлар!

Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *