Сахийлик — юксак фазилат

Сахий кишиларнинг хайру-саховат қилиши инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабабчи бўлади. Хайру-саховат қиладиган сахий кишилар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига эришадилар ва қилинган эҳсонларининг ўрнини Аллоҳ инсонлар кутмаган тамонларидан тўлдиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча)ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушгандир. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга олиб боради.” деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолишимиз зарурдир.

Сахий кишининг саховати бу дунёда обрў-эътибор, ҳурмат келтирса, охиратда эса жаннатга кириш имконини беради.

Давлатимиз томонидан кам таъминланган оилаларга, етим-есирларга, қария отахон ва онахонларга хайру-саховат кўрсатилаяпти. Халқимиз орасида ўзига тўқ тадбиркор ва ишбилармон кишилар ҳам борки, улар фақат ўз манфаатларини эмас, балки юртимиз фаровонлиги, халқимиз эҳтиёжларини қондириш ҳақида ҳам қайғуриб, хайру-саховат ҳам қилишмоқда. Сахий киши чин кўнгилдан озгина эхсонни муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Айниқса Қурбон ҳайити каби байрам кунларида ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олишлик муқаддас динимиз қўрсатмасидир. Аллоҳ таоло барчамизни ҳам сахий бандаларидан қилсин.

Баҳодир СУЮНБОЕВ
Гулистон шаҳар “Ат-термизий”
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *