БОЛА ТАРБИЯСИ

 

Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади.
Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Улуғ ва қудратди Аллоҳ таоло буюради: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим, 6).

Яхши-ёмонни фарқлаш ҳисси болада шакллана боргани сайин кузатувни кучайтириш лозим. Бунинг биринчи белгиси — унда ҳаёнинг илк нишоналари кўрина бошлайди. Шунчаки тортиниб туриш ҳали ҳаё эмас. Балки ақл нури ёришган сари бола баъзи ишларнинг бошқасига зид эканини кўради, хунук деб топган ишларни қилишдан уяла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг унга ҳадяси, хулқининг поклигидан, қалбининг софлигидан дарак берувчи башорат, ақлининг камолга етаётганидан хушхабардир.
Ҳаёли болани эътиборсиз ташлаб қўйиш ярамайди. Балки унга ҳаё одобини ўргатиш билан ёрдам бериш керак.
Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, «Бисмиллаҳ» билан бошлаш, катталардан олдин лаганга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатланиш кабиларни ўргатиш лозим.
Шунингдек, кўп таом ейишнинг ёмонлиги, кўп ейиш ҳайвонларга хос хусусият экани, одобли бола таомни кам ейиши, борига қаноат қилиши, таом танламаслиги ҳақида гапирилса, бу ҳам тарбиядир.

Болани тўкин-сочинликдан, қимматбаҳо кийим кийиб ўсган болалардан, дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асраш зарур. Чунки вояга етаётган бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда унинг ахлоқи тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб, ҳасад гўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадона, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин.
Булардан сақланишнинг йўли — чиройли тарбия, мактабда дарс билан машғул бўлиш, Қуръон ва ҳадис таълимини олиш. Солиҳ инсонлар ва уларнинг ҳаётлари ҳақида тингланган ҳикоялар бола қалбида муҳаббат уйғотади.

Муҳаммад ҒОИБОВ
Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод”
жоме масжид имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *