Ислом тинчлик ва бирдамлик динидир

Ислом дини инсонларни дўстликка, яқинлашишга буюриб, умматни бир бўлишга чақиради. Мусулмонлар бир бирларига дўст бўлишлари, бир бирларини яхши кўришлари зарур. Шунда уларнинг устига Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлади, муҳаббатлари, дўстликлари, бирликлари учун осмондаги Барака эшикларини очади. Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир”. («Тавба» сураси, 71-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир-бирингизга ғазаб қилманглар, бир бирингизга ҳасад қилманглар, бир бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмонга биродари билан 3 кундан ортиқ гаплашмаслиги ҳалол эмас», дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўзаро муҳаббатли бўлишга, нафрат туғдирадиган ҳар қандай ҳолатдан четда бўлишга чақиради.
Аллоҳ таоло айтади: “Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир”. («Оли Имрон» сураси, 105-оят).
Бугунги кунда Ислом ниқоби остида мазҳабсизликка чақирувчи тоифалар пайдо бўлди. Замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”. деганлар.
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.
Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, адашишга олиб боради. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариши мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, қайси жойда бўлишидан қатъи назар, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшат солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.

Сирдарё вилояти бош имом хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *