Никоҳ тўйларидаги бидъатлардан сақланайлик

Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эркакми ё аёлми кимда ким мўъмин бўлган холида бирор эзгу иш қилса, бас, биз унга ёқимли ҳаёт баҳш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Ҳозирда имом-домлалар, отинойиларнинг тинимсиз саю ҳаракатлари, маъруза суҳбатлари туфайли маҳалла ҳудудларимизда тўйлардаги бидъатлар ҳам барҳам топаётгани кўзга яққол ташланмоқда. Мисол учун қиз томондан куёвга “тўш юбориш” маросимида маҳсус сандиқларда сарпо-совғалар, ўндан ортиқ тоғора, патносларда турли таом-пишириқлар, мевалар жўнатиш, қимматбаҳо мебель, гиламлар, ҳашаматли пардалар, саноқсиз кўрпа-тўшаклар, қудалар томонидан бир-бирларига бериладиган сарполар, тўйдан кейин куёвнинг хонадонига таом жўнатиб туриш каби бидъатларга чек қўйилмоқда.
Шунингдек, Сафар ойида тўй қилиш, сафарга чиқиш ва бошқа яхши амалларни ўтказиш мумкинлиги ҳақида ҳадислар асосида олиб борилаётган тушунтириш ишлари ҳам яхши самара бермоқда, инша Аллоҳ. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳуни Али розияллоҳу анҳога сафар ойида никоҳлаганлар. Шу ойда Ҳайбарни фатҳ қилганлар. Сафар ойини “Яхшилик ойи”, деб атаганлар.
Бидъат ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким Исломда гўзал одатлар пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилса, унга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур. Бунда уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмас. Ким Исломда бир ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша одатнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур.Бунда уларнинг гуноҳидан бирон нарса ноқис қилинмас”, — дедилар (Имом Муслим, Термизий, Насоий, Можа ривоятлари).
Аллоҳим, бизларни дини Ислом йўлидан оғишмай амал қилиб боришимизни насиб этгин.

Одинахон РАҲИМОВА
Гулистон шаҳар отинойиси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *