Масжид Аллоҳнинг уйи. Масжидлар Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга тасбеҳ айтиш ва каломини тиловат қилиш учун барпо этилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят). Масжидга келган кишилар у жойнинг қоидаси, одоб-ахлоқига риоя қилишилари лозим. Масжидларни ҳурмат қилиш ўн саккиз хислатдан иборатдир:
- Масжидга кираётганда ўнг оёқ билан, чиқаётганда чап оёқ билан чиқиш;
- Кираётганда ҳам, чиқаётганда ҳам дуо қилиш; Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз масжидга кирса, Аллоҳуммафтаҳ лий абваба роҳматик, деб айтсин, масжиддан чиққанида эса, Аллоҳумма инний ас-алука мин фазлик, десин”, дедилар.
- Кирган вақтда қавм ўтирган бўлса, салом бермоқ ва агар ҳеч ким бўлмаса ёки намозда бўлсалар, “Ассаламу ъалайна мир-Роббина ва ъала ъибадиллаҳис-солиҳин” (Раббимиздан бизларга ва солиҳ бандаларга салом бўлсин), деб айтмоқ;
- Ўтирмасдан олдин икки ракъат намоз ўқимоқ; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар нарсанинг ҳақи бўлади. Масжиднинг ҳақи икки ракъат намоздир”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Сизлардан биронтангиз масжидга кирса, икки ракъат намоз ўқимасдан ўтирмасин”. Бу иш мубоҳ вақтда бўлса жоиз, аммо аср намозини ўқигандан кейин ёки бомдоддан кейин масжидга кирса, намоз ўқимоғи жоиз эмас. Чунки бу вақтларда намоз ўқишдан қайтарилган, лекин тасбеҳ ва таҳлил айтса бўлади, шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтса ҳам жоиз ва булар билан намознинг фазлига етиб, масжид ҳаққини адо қилади.
- Масжидда олди-сотди қилмаслик; Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар масжидда олди-сотди қилаётган кишини кўрсанглар, «Аллоҳ тижоратингга фойда бермасин, деб айтинглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
- Масжидда қилич яланғочламаслик;
- Йўқолган нарсани унда эълон қилмаслик; Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким йўқолган нарсасини масжидда овоза қилиб эълон этаётган кишини эшитса, Аллоҳ уни сенга қайтармасин, масжидлар бу мақсадда қурилмаган, деб айтсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
- Аллоҳнинг зикридан бошқа вақтда овозни кўтармаслик; Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен масжидда турсам, бир киши майда тошларни отди. Ўгирилиб қарасам, отган киши Умар ибн Хаттоб эканлар. У зот: Ана у икки кишини ҳузуримга келтир, дедилар. Қачонки, уларни олиб келсам, у зот: Қаерликсизлар? – деб сўрадилар. Икковлари: Тоифданмиз, деб жавоб беришди. У зот: Агар сизлар мадиналик бўлганингизда, таъзирингизни бериб қўяр эдим. Сизлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) масжидларида овозингизни баланд қиласизларми?” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
- У ерда дунё ҳодисаларидан ҳеч нарсани гапирмаслик; Халаф ибн Айюбдан ривоят. У киши масжидда ўтирган эдилар. Хизматкори келиб, бир нарса сўради. У киши ўрнидан туриб, масжиддан чиқдилар ва унга жавоб бердилар. Бу ҳолнинг сабабини сўрашган эди: “Дунё сўзини масжидда фалон йилдан бери гапирмаган эдим. Бугун гапиришни ҳам ўзимга кариҳ кўрдим”, деб жавоб қилдилар. Бир зоҳиднинг бундай дегани ривоят қилинган: “Масжидда бир нарсага суянган эмасман, оёқларимни чўзиб ўтирмаганман ва дунё сўзларини гапирмаганман”. У зот бу гапни бошқалар ҳам шундай бўлиши учун айтганлар.
- Одамларнинг устидан ҳатлаб ўтмаслик;
- Жой талашмаслик;
- Сафда бирон кишини қаттиқ сиқиб қўймаслик;
- Намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмаслик; Абу Жуҳайм Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Симма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Намоз ўқиб турганнинг олдидан ўтувчи киши агар бу ишнинг ёмонлигини билганида эди, қирқ йил намоз ўқувчининг олдидан ўтмасдан тўхтаб туриши яхши бўлар эди”, дедилар. Ушбу ҳадис ровийи қирқ кунми ё қирқ ойми ёки қирқ йилми, аниқ билмадим, деб айтди (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- У ерда тупурмаслик; Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Масжидга тупуриш хатокорликдир. Бу хатонинг каффороти кўмиб қўйишдир (яъни уни масжиддан чиқариб ташлашдир)”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Оишадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) қибла (томон) деворида тупук ёки балғам кўриб қолиб, уни сидириб ташладилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- Бармоқларни қисирлатмаслик;
- Масжидни болалардан (яъни, у ерга кириб ўйнашдан) ва нажосатлардан тозаламоқ;
- Саримсоқ, пиёз, кўк пиёз ва шунга ўхшаш бадбўй нарсаларни тановул қилиб, оғзидан ҳиди кетмай туриб масжидга кирмаслик; Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким саримсоқ ёки пиёз еса, биздан ва масжидларимиздан узоқ турсин”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- Аллоҳнинг зикрини кўпайтирмоқ ва ғофил қолмаслик; Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло масжидларни оқ туялардек тўплайди. Унинг оёқлари анбардан, бўйинлари заъфарондан, бошлари муаттар ҳидли мушкдан, юганлари яшил забаржаддандир. Уни муаззинлар етаклаб, имомлар ҳайдаб боради. Улар билан қиёматнинг аросатидан чақмоқдек ўтадилар. Қиёматда тўпланганлар: Улар муқарраб малоикаларми ёки анбиёларми ё расулларми? деб сўрайди. Уларга нидо қилинади: Эй қиёмат аҳли, улар муқарраб малоикалар ҳам, анбиёлар ҳам, расуллар ҳам эмас. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари. Улар жамоат намозини маҳкам тутишган, деб».
«Танбеҳул ғофилин» китобидан