Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг
кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир
(Ҳасан Басрий)
Инсон ҳаётида вақтнинг ўрни, ундан қандай фойдаланиш ва унинг моҳияти нимада эканлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).
Инсон ўз ҳаётининг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозим. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига мувофиқ иш тутган бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди, умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида”- дедилар.
Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту-соатларини фойдали ўтишига интилар эдилар. Улар “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг – у сени кесади” – деган нақлга амал қилиб яшаган. Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олишимиз лозим. Вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик гуноҳдир. Ақлли киши олтиндан қимматли вақтини қадрлаш зарурлигини тушуниб, шунга мувофиқ иш тутади.
Аллоҳ вақтларимизни баракали, амалларимизни унумли ва хайрли қилсин. Ўзи буюрган ва Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин!
Асланбаев Хуршид
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби