Яхшилик қилиш Аллоҳ томонидан бериладиган мукофотларга сазовор бўлишнинг энг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандасига берган улуғ раҳматидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло яхшиларга берадиган мукофотлари ҳақида башоратини берган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, яхшилар жаннатдадир” (Инфитор сураси, 13-оят).
Бошқа оятда эса: “Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари шак-шубҳасиз Иллийундадир” (Мутоффифун сураси, 18-оят) – деб марҳамат қилган. Яна Аллоҳ таоло айтади: “Ва тақво қилганларга: Роббингиз нимани нозил қилди?, дейилди. Улар: Яхшиликни, дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхши” (Наҳл сураси, 30-оят).
Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик қилиш ва яхшилик қилганларга бериладиган савоблар ҳақида бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг – эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшилар яна бундай сифатланади: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амалда чиройли бўлганингиздир” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривояти).
Ҳусайн Кошифий айтадиларки, “Гўзал феъл-атворнинг ўнта белгиси бўлиб, буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир”. Яхшилик қилиш билан инсон доим мақтовларга сазовор бўлади. Саъдий Шерозий шундай деган экан: “Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, яхшилик қилган инсон энг аввало Аллоҳнинг розилигини топади, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган солиҳлар қаторига қўшилади, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, оқибат жаннатда улуғ мақомларга эга бўлади, иншааллоҳ. Албатта, яхшиликлар – савобли амаллар бардавом қилинадиган юртга Аллоҳнинг баракаси ёғилади, эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ана шундай хайрли ва савоби улуғ ишларга муваффақ айласин!
Мирсоатов Муроджон
Сирдарё тумани “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби