ОИЛА – МУҚАДДАС!

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни жуфт-жуфт қилиб яратгани каби, инсон наслини ҳам ўз жуфти билан яратган. Бундан кўзланган мурод – ҳар икки жинснинг биргаликда турмуш қуриши, зурриёт қолдириши, биргаликда ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан биридир. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, бутунлай бошқа шароитда катта бўлиб, вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайди. Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб, шундай деганлар: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу Ҳадиси Шарифдан шундай маъно чиқадики, оила Қуръони Каримда муқаддас деб келтирилган. Оиланинг муқаддаслиги, уни барча балолардан сақлаш, оилани ҳимоя қилиш эркакларнинг зиммасидадир. Аёллар ҳам ўз навбатида такаббурлик қилмай, эрининг имкони ва тоқати етмайдиган нарсаларга ундамаслиги лозим. Бундай ҳолатлар бўлган тақдирда эр унга одоб бериши керак. Аввало, насиҳат қилиш лозим. Бундай ҳолатларда оиланинг тинчлигини ва бутлигини сақлаб қолиш ҳар иккала жинс вакилларига бирдай масъулият юклайди.
Оиланинг парокандаликка юз тутиши аввало фарзандларга қаттиқ таъсир қилади. Ота ёки она меҳридан мосуво бўлишга маҳкум бўладилар.
Азизлар! Оилани сақлаш, фарзандларни биргаликда тарбия қилиш – энг муқаддас бурчдир!
Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Туманимизда ташкил этилган “Оила” марказидаги инновацион мактабга хар ҳафтада ташриф буюраётган ёш келин-куёвларга юқоридаги каби панд-насиҳатлар бериш мақсадида тумандаги жоме масжидлар имом-хатиблари навбат билан келиб турадилар. Бу анъана тумандаги мавжуд маҳаллаларда ҳам йўлга қўйилган.  Бунинг натижасида маҳаллаларда ажримлар сони кескин камайиб, ёшлар ўзлари учун керакли маслаҳатларни, олмоқдалар.
Бугунги кундаги долзарб масалаларнинг бири бўлиб келаётган оилаларни сақлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида яна бир қанча қилинадиган ишлар режаси тузиб қўйилган. Тумандаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари, тўй арафасида турган оилалар, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқаролар ўртасида юқоридаги каби мавзуларда чиқишлар қилиш, тушунтириш ишлари олиб бориш кўзда тутилган.
Оилани сақлаш, унинг муқаддаслигини оилаларга, жамоатга етказиш учун толмай меҳнат қилиш биз имом-хатибларнинг шарафли вазифамиздир.

Охунжон ВАСИЕВ.
Сайхунобод тумани “Иттифоқ”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan