Жаҳолатга қарши маърифат

Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги олий вазифани уддалаган ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Демак, оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан оилада фарзандларин аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.
Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисобланади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал Бухорий: “Нажот фақат илмдадур” деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Кимки динини илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради” деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.
Маълумки, Қуръони каримнинг Бақара сураси 256-оятида: “Динга мажбур қилиш йўқ….”, деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, Конститутсиямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи ва эркинлиги кафолатланганлиги ҳусусида шундай дейилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хохлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Диний бағрикенглик тамойили Конститутсиямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб белгилаб қўйилган.
Аллоҳ таоло барчани дунёда бирдам ва тенг бўлишга, алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб, бу йўлдан уларни огоҳлантириб шундай марҳамат қилади: Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръонини) маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг… (Оли имрон, 103). Оятдаги “арқон”дан мақсад жамоат дейилган. Бошқа бир ўринда “арқон”дан мақсад Қуръон ва суннат деб келтирилган. Бу оят ҳукми билан муфассирлар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка чақирадиган очиқ далолат бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш барчага баробар вожиб эканлигини таъкидлашган. Мазкур оят ҳукмига биноан, Ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхтатилишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларга эргашиш, ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишга, бу таъвил ортидан катта фитналар келиб чиқишини билган ҳолда унга зўр бериш ҳаракатлари олиб борилган ва бунинг натижасида кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан.
Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақласин. Яратганниг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фирқалардан узоқда қилиб, илму маъраифат, одобу аҳлоқ фазилатлари билан зийнатласин. Омин!

  

                                                        Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани “Ҳазрати Хизр”
жоме масжиди имом-хатиби

  

                     

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan