ДАРДНИНГ КЕЛИШИ НИМАДАН?

Саломатлик – туман бойлик, бош омон бўлса – дўппи топилади. Хасталикни олдини олиш, соғлиқни асраб-авайлаш учун қайғурмайдиган киши бўлмаса керак. Шу мақсадда турли муолажалар қилиш, спорт билан шуғулланиш, бадантарбия машқларини бажариш, турли шифобахш неъматларни истеъмол қилиш, шифокор қабулида бўлиб, тавсияларига риоя қилиш фойдадан холи эмас.

Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғурмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатмасин, ҳар вақт  батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳамма жиҳатдан «соппа-соғман» деб ҳисоблай олмайди, «менинг ҳеч қандай касалим йўқ», дея баралла айта олмайди. Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради.

 Хасталик, дард айримлар назарида гўё Яратганнинг ғазабига учраганлик белгиси саналади. Касал бўлган киши буни Аллоҳнинг бир балоси ва жазоси сифатида қабул қилади. Танасини дард-оғриқ чирмай бошлаши билан дарров: «Эй Худойим, Сенга нима ёмонлик қилувдим, нега мени беморлик билан  азоблаяпсан?» деб нола-фарёд чекишга тушади.

Аслида дард Яратганнинг бандага юборган бир неъмати, имтиҳонидир. Чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми юксалтирилади. Дард ёрдамида танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, ҳужайралар янгиланади, кўпгина аъзоларнинг ишдан чиқа бошлаган ёки мароми бузилган фаолияти қайтадан изга тушади. Дард чекиш туфайли инсон Яратганни кўпроқ эслашни бошлайди, Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Хасталик ўлимни, охират дунёсини инсоннинг кўз олдига келтириб қўяди. Араб ёзувчиси Жуброн Халил Жуброн: «Оғриқ – хаста қалбингиз шифо топиши учун Хозиқи Табиб юборган аччиқ доридир», деган.

 «Дард Худодан, шифосини ҳам Унинг Ўзи беради», дейишади. Ҳақиқатан, ҳеч бир хасталик ўзича пайдо бўлмайди ёки сиз қанчалик авайлансангиз ҳам, энг муҳим чора-тадбирларни қўлласангиз ҳам дарддан қочиб қутула олмайсиз. Хасталик келганида эса энг номдор хозиқ табиб ва шифокорлар жон куйдирса ҳам, энг қимматбаҳо ва ноёб дори-дармон ёки муолажа усуллари қўлланса ҳам Яратганнинг Ўзи шифосини бермаса, ундан фориғ бўла олмайсиз.

Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино ёзганидай, «Одамлар тоат-ибодатларида Аллоҳдан тансиҳатлик сўрашади. Аммо Аллоҳ тансиҳатлик калитини туғилишданоқ уларнинг ўз қўлларига тутқазиб қўйганидан бехабардирлар».

Аллоҳ яратган махлуқотларнинг энг комили ва мукаррами бўлган инсон яшаш умидида тинмай ҳаракат қилишга мажбур. Ҳаракат қилиш учун эса у мунтазам равишда танага етарли озуқа ва ичимлик суви етказиб беришга маҳкум. «Бўш қоп тик турмас» деган мақол ҳам бор. Инсон яшаш учун ейиши керак, аксинча, ейиш учун яшамаслиги зарур. Улуғ ҳаким Арастудан: «Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?» деб сўрашганида у: «Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман», деб жавоб берган экан. Бир донишманддан: «Дарднинг келиши нимадан?» деб сўрашибди. У: «Баднафсликдан», деб жавоб берибди. Ундан: «Бунинг давоси нимада?» деб сўрашса, «Нафсни тийиш», деб жавоб берибди. Қадимги донишмандлардан Сенека эса: «Ортиқча емоқ тафаккур тиниқлигига халал беради», деган.

Мамлакатимиз мустақил бўлганидан кейин одамлар соғлигини муҳофаза қилиш, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, шифохоналар тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида катта ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонунида ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий ёрдам олиши ҳуқуқи кафолатлангани ўз ифодасини топган. Истиқлол йилларида пойтахт Тошкентда ва барча вилоятларда беморларга бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказлари иш бошлади. Барча қишлоқларда, йирик маҳаллаларда тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари (амбулаториялар) очилди. Кўпгина шаҳар ва туманларда оналар ва болалар марказлари фаолият кўрсатмоқда. Тиббий хизматларнинг салмоғи ва сифати ҳам тобора яхшиланиб бормоқда.

Узоқ йиллик кузатишлар, турли тиббий манбаларни ўрганиш, табиблар билан мулоқотлар шуни кўрсатадики, одамнинг хасталикка чалинишига асосан беш омил сабаб бўлар экан. Булар – тана аъзоларининг шамоллаши, овқатланиш ва уйқу меъёрининг бузилиши, камҳаракатлилик, соғлиқ заволи бўлган ичимликлар ичиш ва тамаки чекиш каби зарарли иллатлар ҳамда асаб тизимининг бузилишидир.

Машҳур қомусий олим ва улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино соғ-саломат узоқ умр кўриш сирларини бундай баҳолайди: «Узоқ умр кўриш учун танани мунтазам равишда чиниқтириш, вақтида тўғри овқатланиш, меҳнат қилиш, дам олиш ва, айниқса, бекордан-бекорга асабий бўлмаслик даркор». Ибн Сино умрни баракали қилиш ва сермазмун ҳаёт кечириш учун жоҳил бўлмаслик, изтиробга тушмаслик, ширинсухан бўлиш, таомга ўч бўлмаслик, шароб ва хамр ичмаслик, тамаки чекмаслик зарур эканини аниқлаган эди. У: «Агар мунтазам равишда бадантарбия машқлари билан шуғулланилса, дори-дармон истеъмол қилишга эҳтиёж қолмас эди», деган.

 Хуршид АСЛАНБАЕВ 

Сирдарё вилояти “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиби

(Жума тезислари асосида)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan