Кузнинг кириши билан нафақат табиатда, балки инсон кайфиятида ҳам ўзгаришлар юз беради. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг самараси бўлган ҳосилни нес-нобут қилмасдан йиғиб олиш ва унга ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро мана шу ҳосиллар билан юртимиз обод, устимиз бут ва дастурхонимиз тўкин бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Абаса сураси 24-32-оятларида марҳамат қилиб айтади: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундурдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир”.
Ушбу оятлардан маълум бўладики, барча ҳосиллар инсонларга Аллоҳ томонидан ризқ қилиб берилган. Айни кунларда барча пахта далаларида йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда. Афсуски, баъзида айрим кимсалар деҳқонларнинг машаққатли меҳнатларини оёқ-ости қилиб, миллий бойлиги бўлган пахта далаларига чорва ҳайвонларини қўйиб юбориш ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Бақара сураси 204-205-оятларида шундай дейилади: “Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сизни ажаблантирадиганлари ҳам бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва (олдингиздан) бурилиб кетганда эса ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасод-бузғунчиликни ёқтирмайди. Агар унга, Аллоҳдан қўрқгин (бундай ёмон ишни қилмагин), дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а?”
Ушбу оятда экинларни пайҳон қилиш Аллоҳ таоло томонидан ман қилинган ва ёмон кўрилган гуноҳ ишлардан экани ҳамда бу ишларни қилувчи кимсалар фитначи-бузғунчилар эканлиги баён этилмоқда. Суранинг давомида қилаётган ишнинг нотўғри экани, уни қилишдан Яратгандан қўрқиш кераклиги тушунтирилгандан кейин ҳам ўзининг бузғунчилигида давом этаверадиган кимсаларнинг жазоси жаҳаннам бўлиши огоҳлантирилмоқда. Бу эса ҳар бир оқил кимсага ибрат бўлиши ва ҳаётда ўзидан яхши ном ва ишларни қолдиришга ундаши керак.
Аллоҳ хирмонларимизга барокот бериб, бало-офатлардан сақласин. Теримчи-ҳашарчиларимизга куч-ғайрат ато этиб, деҳқонларимиз юзларини ёруғ қилсин!
Бахром БЕГАЛИЕВ
Сайхунобод тумани “Пахтакор”
жоме масжиди имом-хатиби