Баъзи инсонлар карантин қонун-қоидаларга риоя қилмасдан ўзлари ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдирмоқдалар. Маълумотларга кўра бир кунда карантин қоидаларига амал қилмаган юзлаб кишилар аниқланмоқда.
Давлатимиз раҳбари бизга илк мурожаат қилганларида қуйидагиларни таъкидладилар: “Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади. Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак”.
Карантин эълон қилинганига қарамай, тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар бир тафаккур қилиб кўрсалар бўлар эди. Мана Туркия сафаридан қайтган қиз ўз онасига ушбу касалликни юқтирган. Натижада, ушбу 72 ёшли сурункали касаллиги бор она 27 март куни миокард инфарктидан вафот этди.
Муҳтарам Президентимиз мурожаатларида аксарият фуқаролар ҳалигача юзага келган мураккаб вазиятни тўғри тушуниб етмаётгани куюниб гапирдилар. Жумладан, ҳалигача айрим одамлар кўпчиликни меҳмонга чақириб тўй-ҳашам, турли зиёфат ёки маросимлар ўтказиш ҳолатлари учраётгани ачиниш билан қайд этилди. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи аёл Умра зиёратидан қайтиб келгач, карантин қоидаларига риоя қилмасдан, 120 кишилик дабдабали маросим ташкил этгани, натижасида унинг ўзи ва яна 4 нафар оила аъзосида коронавирус аниқлангани катта афсус билан таъкидланди.
Карантин талабларини бундай шаклда онгсизларча бузиш нафақат қонун ҳужжатлари, балки Ислом дини кўрсатмаларига ҳам риоя этмаслик ҳисобланади. Бундай кимсалар аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликларини, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини яхшилаб англаб етишлари зарур.
Динимизда ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга буюрилган. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”, деб Бақара сурасининг 195-оятида огоҳлантирган.
Бутун дунё бўйлаб, коронавирусга қарши курашда энг яхши чора сифатида маъқулланган “Уйда қолинг!” даъвати асл моҳиятига кўра Ислом динининг бош манбаига мувофиқдир. Қуръони каримдаги бир қиссада чумолилар жамоаси бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари, уларнинг тилидан шундай баён этилади: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар» ,(Намл сураси, 18-оят ). Бошқа ояти каримада эса: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб таъкидланган (Наҳл сураси 80-оят ).
Ушбу ояти карималардан маълум бўладики, инсон учун энг тинч ва хавфу хатарсиз жой унинг уйи экан. Демак уй ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъматларидан бири экан.
Бугун коронавирусдан ҳимояланишнинг энг яхшиси уйда қолишдир.
Саййидимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти). Буюк уламоларимиз бу ҳадиснинг шарҳида: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ вафот этмасин», деб айтишган.
Ишончим комилки, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган буюк халқимиз бундай ҳолатни Хақ Субҳонаҳу ва таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади.
Коронавирус инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Барчамиз итоатли бўлиб шифокорларнинг барча тавсияси ва кўрсатмаларига амал қилсак, карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз уйимизни тарк этмасак, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсак, биз бу касалликни, албатта, бартараф этамиз. ИншаАллоҳ!.
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби