Дуонинг ижобат бўлиш омиллари.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 155-оятида шундай марҳамат қилади: “Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.”

Ушбу ояти карима билан, биз инсонлар бу ҳаёти дунёда Аллоҳнинг кўп синовларига дуч келишимиз ва бу синовларни фақат сабр қаноат билан енгишимиз мумкинлиги баён қилинмоқда. Албатта мана шу сабр орқасидан яна савобга ҳам эга бўлар эканмиз.

Айни кунларда бутун инсониятга, хоссатан бизнинг диёрга ҳам Аллоҳнинг бир синови келиб турибди. Бутун дунё аҳли “коронавирус” деб аталмиш бир вабо билан курашмоқда. Бу пандемияни бартараф этиш ва ундан тезроқ қутилиш учун давлатимиз томонидан барча чора тадбирлар ишлаб чиқилди. Карантин эълон қилинди. Энди биз фуқаролар бу карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, бемақсад кўчага чиқмасдан, бошқалар билан мулоқотда қоидаларга амал қилсак, энг асосийсиси уйда ўтирганда кўпроқ дуо ва истиғфорда бўлсак, иншааллоҳ бу синовлардан соғ саломат ўтиб оламиз.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан.” (Бақара, 186 оят)

Демак, дуо қилсак, Аллоҳ қабул қилар экан. Лекин, дуолар ижобат бўлиши учун баъзи омиллар лозим бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилмаса, дуоси ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўлмоқдаки, энг аввало дуо қиладиган инсон мустаҳкам иймон, яъни ўта ишонч, ихлос ва албатта, умид билан Аллоҳдан ёлвориб сўраши лозим бўлади. Ундан ташқари, Аллоҳдан илтижо қилиб мақсадларини Аллоҳдан сўрайдиган инсон, гуноҳлардан фориғ бўлмоғи, тавба ва истиғфорни кўп айтмоғи ва албатта, Аллоҳнинг амрларини бажармоғи лозим.

Ривоят қилинадики, Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи Басра бозорларидан бирида юрганларида у зотдан сўрадилар:-“Ҳазрат, бир қанча вақтдан бери Аллоҳга дуо қиламиз, хеч қабул бўлмайди, сабаби нима?”

Иброҳим Адҳам роҳимаҳуллоҳ шундай жавоб бердилар:

“Эй Басра аҳли, сизларнинг қалбларингиз ўнта нарсада ўлган бўлса, қандай қилиб сизларнинг дуоларингиз қабул бўлсин”-деб дуолар ижобат бўлишига тўсиқ бўладиган ўнта омилни айтиб бердилар.

  1. Аллоҳни танийсизлар, лекин Унинг ҳаққини адо қилмайсизлар.
  2. Қуръон ўқийсизлар, аммо унга амал қилмайсизлар.
  3. Расулуллоҳни яхши кўрамиз деб даъво қиласизлар, лекин суннатни тарк қиласизлар.
  4. Шайтонни душман деб даъво қиласизлар, лекин унга бўйсунасизлар ва унга мувофиқ иш қиласизлар.
  5. Жаннатга киришни даъво қиласизлар, аммо унинг учун амал қилмайсизлар.
  6. Дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар, лекин ўз нафсларингизни унга ташлайсизлар.
  7. Ўлимни ҳақ дейсизлар, лекин унга тайёргарлик қилмайсизлар.
  8. Ўз биродарларингизнинг айбини қидириш билан машғул бўласизлар, аммо ўз айбларингизни кўрмайсизлар
  9. Роббингизни неъматларини ейсизлар, лекин шукр қилмайсизлар.
  10. Маййитларингизни кўмасизлар, лекин ўзингиз унга эътибор бермайсизлар.

Шундай экан, азизлар барчамизни ўзимизга яраша гуноҳ ва хатоларимиз бор. Бу хато гуноҳлар учун тавба ва истиғфор айтсак, албатта Аллоҳ таоло Меҳрибон ва Раҳимли зот гуноҳларимизни кечиради, ва албатта дуоларимиз ижобат бўлади.

Аллоҳ таоло берган бу балоларни тезда бошимиздан кўтарсин. Касалларимизга шифо берсин, уларни даволаётган шифокорларимизга куч қувват, матонат берсин. Аллоҳ юртимизни тинч, халқимизни фаровон, бу касаллик тезда даф бўлишини насиб этсин.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan