Гиёҳвандлик жамиятни кемирувчи иллатдир.

У ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истемол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, – деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи ҳар қандай нарса.

Шу сабаб, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан хабардор бўлишимиз даркор. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бошқаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.

  

Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани  “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan