Ислом тинчлик динидир!

Хозирги кунимизда мусулмон оламида содир бўлаётган ходисаларни кўриб, эшитиб, ўқиб, ўрганиб борар эканмиз афсус надоматлар чекиб, юрак бағримиз ўртанмокда. Бутун мусулмон оламини ташвишга солаётган мудҳиш ҳодисалар бир-биридан ачинарли, бир-биридан дахшатлироқдир. Мусулмонлар ичида бир-бирини кофирга чиқариш авж олмокда. Бу борада бемазҳаблар ҳаммадан ўзиб кетишди. Бугунги кунда кўпчилик «жиход» деганда фақат уриш, жанг қилиш каби маъноларни тушунмоқда. Ислом тарихи ва таълимотини ўрганган ва билган кишилар эса ундай хулоса қилишмайди. Аслида «жиход» сўзи луғатда «жидду жахд», «бирор нарсага эришиш учун бор имкониятини ишга солиш» каби маъноларини англатади.

Ҳур диёримиз фуқаролари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликларидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда шукроналар қилмоқдалар. Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз ҳалқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Мустақиллик йилларида ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил миллат, маданиятлар бирлигидан ташкил топган жамиятимизда ҳам миллатлараро тотувликни сақлаш, фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги ва бағрикенглигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зотан, хайрли ишларда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш, Яратганнинг талабидир. Аллоҳ таборака ва таоло:

 «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..», (Моида сураси 2 – ояти) деб марҳамат қилган.

 Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги давлатимизнинг Асосий қонунида кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда.


Қобилжон АСЛАНОВ
Боёвут тумани “Абдухолиҳ
Ғиждувоний” жоме
масжиди имом-хатиби.       
        
                                             

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan