Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».
Дарҳақиқат, ёлғончилик муқаддас динимизда қораланадиган кабира гуноҳлардан бири бўлганлиги боис бу ҳусусида Қуръони Каримда бир юз олтмиш еттита оят келтирилган. Мунофиқликнинг аломати ҳисобланган ёлғончилик ҳеч бир жамиятда қадрланмаган. Ёлғоннинг жамиятга ҳам, шахсга ҳам зарари шунчалар кўпки, буларни санаб тугатиш қийин. Ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади. Ёлғон узоқни яқин мушкулни осон қилган саробдек кўринади. Ёлғон сўзлаш, одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у киши ҳурмати ва обрўсини тўкади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб, баён қилган (Ғофир сураси, 28-оят). Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ана шундай ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом ростгўй инсоннинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар”.
Яна бир хадисда саҳобалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: «Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?». Пайғамбаримиз: «Ҳа бўлиши мумкин», дедилар. Яна улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?». Пайғамбаримиз: «Ҳа қўрқоқ ҳам бўлади», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?». Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ», деб жавоб бердилар.
Мўмин кишида ёлғончилик хусусиятларининг мавжуд бўлишлиги унинг мўминлик табиатига хилоф ишдир, мусулмон киши бундай хулққа эга бўлмайди. Аммо шундай бўлса-да мазкур салбий хусусиятлар инсон табиатига хилоф эмасдир, инсоний хилқатда бу каби иллатлар учраб туради. Биргина ёлғон туфайли инсонлар қалбига озор етказиш, улар орасига совуқлик тушириб қўйишлик ҳеч гап эмас. Инсонлар орасига тушган совуқчилик алал-оқибат жамиятда одамларнинг бир-бирларига бўлган ишончнинг, меҳр-оқибатнинг йўқолишига ва бир-бирларидан узоқлашувига олиб боради. Ёлғондан сақланиб, рост гапириб, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиб, ўзимизда яхши хулқий сифатларни мужассам қилишга ҳаракат қилсак, иншаоллоҳ бу барчамиз учун манфаатли бўларди
Яҳё АБДУЖАББОРОВ
Сардоба тумани “Хўжа Исмоил”
жоме масжиди имом-хатиби