Тил инсоннинг энг мукаррам шу билан бирга энг хатарли аъзоси ҳамдир.
Агар инсон уни яхшиликка ишлатса, улкан ажр – мукофатларга эга бўлади , бордию ёмонликка ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин.
Танадаги қилич ва ўқ яраси ҳам битиб кетади, лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди.
Қиличдан етган жароҳат, тилдан етган жароҳатга қараганда енгилроқдир. Чунки қилич баданни, тил эса қалбни жароҳатлайди.
Бу ҳақда Пайғанбаримиз (алайҳиссалом) шундай деганлар: “ Одам боласи тонг оттирганда, тана аъзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб: “ бизнинг тўғримизда Аллоҳдан қўрқ ! Биз ( нима аҳволга тушсак ҳам ), сен сабабли ( тушамиз ) . Агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз . Агар эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз ” дейишади ”.(Имом Термизий ривоятидан)
Гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар беради.
Ҳалқимизда “ олдин ўйла, кейин сўйла” деган мақол ҳам бежиз айтилмаган.
Фойдасиз сўз фойдасиз дори кабидир.
Имоми Аъзам ( р.а) нинг муҳрларида мана бу сўзлар ёзилган экан: “ Сўз айтсанг эзгу сўз айт, агар эзгу сўз айтаолмасанг, тек тур ”.
Шайх Абу Бакир ибн Айёш( р.а) деганларки: “ Тупроқ сувни тортиб қуритгани каби, кўп гапириш ҳам савобларни қуритади ”.
Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар . Улар кўпроқ эшитмоқни истайдилар ва ёқтирадилар . Эшитиш – кишини бойитади , кўп гапирган кўп янглишади. Данолар айтади: “Бир оғиз ширин сўз шундай кучдирки , у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб турган кишини ҳаётга қайтаради ” .
Яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар, деб бежиз айтмаганлар.
Яхши сўзларни сўзлашга одат қилмаган киши фалокатга учрайди. Ақилли инсон ўз сўзини ўйлаб сўзлайди.
Шайх Саъдий шундай деганлар: “Бу кун сўзламоққа сенда имкон бор, ҳар қанча яхши сўз топсанг айтиб қол, эртага ажалнинг элчиси келгач, тилинг қимирлашга қолмагай мажол ”.
Тил инсонни қачон зийнати бўлади,қачонки ширин сўз сўзлагандагина бўлади .
Ибодуллоҳ БОБОМУРОТОВ
Сардоба тумани “Гулзор”
жоме масжид имом – хатиби: