Яхши исм – яхшиликка далолат

 

    Фарзанд таваллуди ота-она учун жуда қувончли, шу билан бирга ўта масъулиятли воқеадир.Чунки улар олдида янги меҳмонга, ажойиб неъматга муносиб исм бериш масъулияти туради.

     Дарҳақиқат,боланинг ота-онадаги ҳақларидан, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор чиройли исм қўйишдир.

      Ислом тари­хида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақди­ри­га ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.

     Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Бас, (шундоқ экан) исмларингизни гўзаллаштиринг!”

      Баъзан шундай холатлар ҳам бўладики, бола туғилганида ота-оналар унга қандай исм қўйишни билмай,  шошиб қоладилар.Айрим ҳолларда ёш ота-она фарзандига исм қўйишни оиласидаги энг ҳурматли кексаларга  ишониб топширишади, айримлар эса қандайдир ёзилмаган қоидалар ва ирим-сиримларга мурожаат қилишади.Натижада афсусланишга сабаб бўладиган бемаъни, бехислат, хунук исмларни қўйиб юборишади.
   Демак, Аллоҳнинг неъмати ва омонати, кўз ва қалб қувончи бўлган фарзандларга  яхши маънога далолат қиладиган исмларни қўйиш, бу борада илмли инсонлардан маслаҳат сўраш мақсадга мувофиқдир.Зеро, шу қўйилган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзаҳда ҳам бирга бўлиши ушбу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилгандир:

Абу Ваҳб ал-Жушаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   “Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар “Абдуллоҳ” ва “Абдурроҳман”дир,  энг садоқатлиси “Ҳорис”(касб қилувчи) ва “Ҳаммам” (аҳамият берувчи)дир, энг ёмони “Ҳарб” (уруш) ва “Мурра” (аччиқ)дир”.

     Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан “Муҳаммад”, “Аҳмад” кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан “Абулқосим” деб исм қўйиш жоиз эмас.

   Демак, ўғил болаларга пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Ибн Аббос Розияллоҳу анҳу:”Албатта, Аллоҳ қиёмат куни ўз бандаларини сатр қилиш учун одамларни оналарининг исми ила чақирур”, деди (Тобароний ривояти).Бундан кўриниб турибдики, баъзи бир одамларни айбини бекитиш учун онасининг исми билан чақирилиши ҳам мумкин экан. Шунинг учун оналарнинг исми ҳам рисоладагидек бўлиши муҳимдир.

    Ўтган ҳадисларга кўра  яхши исмлар уч даражага бўлинар экан:

  1. Абдуллоҳ, Абдурроҳман ва шунга ўхшаш Аллоҳ таолога бандалик ва ҳамд маъносини англатувчи Абдурроҳим, Абдуссалом, Ҳамидуллоҳ, Азизуллоҳ каби исмлар.
  2. Анбиёларнинг исмлари. Муҳаммад, Аҳмад, Иброҳим, Исҳоқ, Юсуф кабилар.
  3. Эзгуликни акс эттирувчи ҳамда ўтган азизлардан қолган яхши исмлар, саҳобаи киромлар, машҳур имомларнинг исмлари.

      Фарзандга яхши исм қўйгандан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) “Абди”, “Абдул” дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.

      Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг “Ҳарб” (уруш), “Мурра” (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.

     Афсуски, ҳозирги кунда ҳам орамиздаги айрим кишилар ўз фарзандларига мусулмон бўлмаган, ижтимоий ҳаёт тарзи бизга номаълум бўлган футбол юлдузлари,  спортчиларнинг исмини ёки баъзи ҳориж артистларининг, шов-бизнес “юлдузлари”нинг, сериал қаҳрамонларининг  исмини қўйишяпти.Зеро, ножоиз исм қўйиш фарзанднинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

    Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандига исм қўйишда ўзига ёқиб қолган, қулоғига чиройли эшитилган ҳар қандай исмни қўйиб юборавермай, у исмнинг маъносини илмли инсонлардан сўраб кейин қўйиши лозим бўлади.Чунки бу амалимиз учун ҳам Ҳақ таоло олдида жавоб берамиз.

Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan