Аллоҳ таоло ер юзида инсонни турмуш кечириши учун тоза ҳаводан нафас олиши, зилол сувлардан баҳраманд бўлиши ва озод Ватанда кўзини қувонтирувчи азиз фарзандининг камол топаётганини неъмат қилиб бергани улкан саодатдир. Бунинг эвазига эса Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади.
Мустақиллик бировларга қарам ва муте бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимизга ато этган энг улуғ неъматларидан биридир. Бу шундай неъматки, ҳар куни, ҳар соат бунга шукр қилишимиз лозим. Бу неъматнинг моҳиятини англаш учун мустақиллик йилларда Ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликларни мустабид тузум ҳукмронлиги остида кечирилган давр билан солиштириш кифоя қилади. Мусаффо ва бағрикенг дин бўлган Ислом дини инсонларни эзгуликка ва яхшилик қилишга ҳамда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик бўлишига чақиради. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) ҳурмат қилиш ва ўша дин аҳлларига мурувват кўрсатишни, маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ўзга дин вакилларига ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлдилар. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ва адолатли бўлишга берган кўрсатмаси эди.
Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Президентимизнинг саъйи-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан жаннатмакон мамлакатимизда масжид ва мадрасалар қайта тикланди, қадимий тарихий обидалар янада чирой очди, аждодларимизнинг бой маънавий мероси чин ворисларига қайтариб берилди. “Ҳазрати Имом”, “Имом Бухорий”, “Баҳоуддин Нақшбанд”, “Имом Мотуридий”, “Ҳаким Термизий” каби бир вақтлар ҳаробага айлантирилган масканлар мустақиллик сабаб мўмин-мусулмонларимиз суйиб зиёрат қиладиган муқаддас қадамжоларга айланди. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан бунёд этилган, азим Тошкент шаҳрининг қалбида марвариддек жило сочаётган Ислом цивилизацияси барпо эталаётгани нафақат халқимиз, балки хорижлик зиёратчилар ҳам тасанно айтмоқда.Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Бугун Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан буён муҳтарам Президентимиз бошчилигида қўлга киритилган тарихий ютуқларни ифода этадиган кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримнинг Тавба сураси 18 оятида зикр этган: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин”, – ояти каримаси мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда масжидлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган масжидлар сони яна биттага кўпайиб, 2073 тага етди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Маълум қилинишича, янги масжид Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Қизилсой” маҳалласи, Буюк ипак йўли кўчаси, 40-уйда фаолият олиб боради. Мазкур масжид номи Ҳазрати Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу номларига қўйилган. Маълумот учун, Муоз ибн Жабал масжиди очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 226 тага етиб, мамлакат бўйича Самарқанд вилоятидан кейин масжиди кўп ҳудудга айланган. Вилоятимизда ҳам кўп масжидлар таъмирланди ва Сирдарё тумани, Гулистон туманида айрим масжидлар қайта қўрилмоқда. Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ой давомида мамлакатдаги масжидлар сони 3 тага кўпайди. Аввалроқ Сурхондарё ва Тошкент вилоятида янги масжид очилгани маълум қилинганди. Шу билан бирга, Самарқандда 7,5 минг намозхонга мўлжалланган вилоятдаги энг катта масжид қуриб битказилгани хабар берилган эди.
Аллоҳ таолонинг: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”– ояти каримасига амал қилган ҳолда ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз исломнинг асосий арконларидан бўлмиш ҳаж ибодатини ҳамда Аллоҳ таолонинг: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!..”– деган оятига мувофиқ минглаб ватандошларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар. (Бақара сураси 196-оят)
Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказ ва Ҳадис мактаби, ҳамда Фиқҳ мактаби, Калом мактаби, Тасаввуф мактаби, Олий мир-Араб мадрасаси ва Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Ислом тамаддунига, жаҳон фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари эса нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта чоп қилинди. Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, аждодларимиздан қолган бой меросимизни янада мукаммал ўрганиш, қадимий обидаларни таъмирлаш каби хайрли ишлар, ёшларни меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ниҳоятда катта аҳамият касб этди. Ўнлаб ислом ўқув юртларида азиз ўғил ва қизларимиз ислом таълимотларини чуқур эгалламоқдалар. Буларнинг ҳаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир. Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насибу рўзи айласин! Муҳтарам Юртбошимизнинг Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган буюк хизматларига муносиб эканимизни кўрсатишимиз барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарз бўлиши керак. Зеро, Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб, шундай дейди: ِ”… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси 2-оят) Ислом динида мурувват, диний бағрикенглик динлар тарихидаги бир янгилик бўлди. Ислом дини биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг шиорларини ўртага ташлади: “Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар. Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”, деган тамойилга амал қилди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу борада бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар. Кўплаб ҳадисларида ғайридин бўлганларга ҳам яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Ўзлари аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлиб уларга ҳадялар бериб ва улардан ҳадиялар қабул қилганлар. Ҳаттоки: “Ким аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”).
Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий аҳиллик ва тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу борада бутун жаҳон аҳли бизга ҳавас билан қараяпти. Жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш лозим бўлади. Тинчликка раҳна соладиган, динимиз ва бошқа динлар равнақига ҳам зиён етказиш ғаразида бўлганлар билан муроса қилмаслик динимиз талабидир. Лекин, сир эмас, қора ниятли кучлар ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фитначи гуруҳлар юртимизда эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларни кўролмасдан. Марказий Осиёда Ислом динининг тутган ўрнидан фойдаланиб, минтақада диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларини тарқатишга уринишмоқда.Мана шундай вазиятда барчамиз Ислом динининг моҳияти ва таълимотига содиқ қолиб, аҳолимизни, хусусан ёшларимизни диний бағрикенглик, мустаҳкам эътиқод, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашимиз лозим бўлади. Зеро, Исломнинг асл манбаларини яхши билмаган кишиларнинг ҳақ йўлдан чалғитишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари осон кечади. Шунинг учун ҳам халқимизни билимдон бўлишга тарғиб этиш, динимизнинг бағрикенглик дин эканлигини таништириб бориш долзарб саналади. Қуръони карим инсонларни яхшилик қилишга, бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, қон тўкмасликка чорлайди.
Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё халқлари қатори Ўзбекистон халқининг ҳам қалбларини қаттиқ ларзага солади. Тинчликни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ёшларимизга тўғри тушунтириш, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган кучларга қарши туришимиз зарур. Юртимиз мусулмонлари бошқа дин вакиллари билан биргаликда Ватанимиз рванақи йўлида ҳаракат қилмоқдалар. Мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган.
Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида турли миллат вакилларининг ибодатларини эмин-эркин адо этишларига алоҳида эътибор қаратилган, шароитлар яратилган, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради.
Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳур диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият даражасига кўтарилди. Аслида, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорликлардан кўзланган мақсад, биринчи галда, одамлар турмуш шароитини яхшилаш, ҳуқуқ-манфаатларини таъминлашга қаратилган. Юртимизни тинчлик, офиятини бардавом қилсин! Фарзандларимизни илмлик, имонлик қилсин! Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин! Халқимизни, диёримизни Аллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин! Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг дини Исломга қувват, мусулмон бандаларига муваффақият берсин! Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва эллатларни, тинчлик ва ўзаро ҳурмат билан истиқомат қилишларида мададкор бўлсин.
Аминжон. ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.