Фарзанд тарбияси фароввон ҳаёт гаровидир

Аллоҳ тоало ўзи яратган жонзотларининг ичида одам боласини энг заиф қилиб яратди. Одам боласидан бошқа барча жонзотларнинг болалари туғилган заҳоти ёки бир неча кундан кейин юриб кетади ёки учишни бошлайди. Фақат одам боласининг юришни бошлаши учун камида бир йил керак бўлади. Унгача унинг ақлий ва жисмоний ривожланиши учун ота- онаси ва яқинлари томонидан жуда кўп меҳнат сарфланади. Агар ота-она фарзандига унинг ҳаётга биринчи қўйган қадамигача қилган меҳнатини кейин ҳам давом эттирса аксарият ёшларимизнинг таълим ва тарбияси ҳозиргидек ачинарли аҳволга тушиб қолмасди. Яна ҳам ачинарлиси диний саводсизлиги туфайли турли хил  бузғунчи оқимларга қўшилиб қолмасди. Албатта ота-онасини, ватанимизни фахрига айланган ёшларимиз бундан мустасно. Ўрни келганда бу ёшларимизга бундан ҳам юксак парвозлар, катта муваффақиятлар тилайман.

   Хизмат вазифам тақозаси билан мактабларда, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш марказида ёшлар билан тез-тез мулоқотда бўлиб тураман. Уларнинг кўпчилигининг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари жуда юзаки, саёз, енгил елпи. Улар нафақат мактаб ўқув дастурларига кирган фанларни яхши билишмайди, ҳатто бутун инсониятга ўз ҳаётлари билан намуна бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, ислом динининг аҳкомларини мутлақо билишмайди. Ваҳоланки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганларидек «илм-маърифатсиз инсон ҳаётини йўлга қўя олмайди. Илмсиз, маърифатсиз ҳаёт гўзал бўлмайди. Илмсиз, маърифатсиз мақсадга эришиш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун бизнинг динимиз илм дини, маърифат дини, хайр-барака дини қилиб Аллоҳ тоало томонидан юборилган. Ушбу дин инсонларни икки дунё бахту саодатининг кафолати зиммасига юклатилган диндир. Ана шу диндан олган маърифат орқали сиз билан биз бу дунёмиз ва охиратимизни гўзал бўлиши учун бир йўл топамиз. Аллоҳ тоало сиз билан бизни яратган зот, биздан бошқа дунёдаги бутун мавжудотларни яратиб қўйган зот бизнинг ҳолимиз қандай эканини яхши билади. Шунинг учун бизларни ақлимизни пешлаб туришимиз учун, ақлимиз нафснинг кўйига тушиб йўл қўйган хатоларимизни тузатишимиз учун, нуқсонларимизни тўлдириб туришимиз учун, адашиб кетиб қолмаслигимиз учун Аллоҳ тоало ўзининг таълимотларини дин деб тўплаб юбориб қўйган. Ана шу дин тўла тўкис диндир. Инсонни бу дунё ва охиратини тўлиқ саодат билан таъминловчи диндир. Мана шу диннинг таълимотларини аста секин ўрганиб, ҳаётига татбиқ қилган инсонга икки дунё саодати кафолати берилгандир».

   Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир оилада ота- она фарзандларини динимиз аҳкомларига зид бўлмаган, соф диний аҳкомларни ўргатувчи адабиётлардан, оммавий ахборот воситаларидан, ота- боболаримиздан мерос қолган миллий қадриятларимизни улуғловчи тарбия усулларидан фойдаланиб тарбияласа, ин шаа Аллоҳ, бизни чиндан ҳам буюк келажак кутмоқда.


С.Уралова.
Янгиер шаҳри отинойиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan