Барчаларимизга яхши маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб бундай дейди:
“Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”. (Бақара сураси 195 оят)
Барча мавжудодлар ичида азизу мукаррам ва ақл-идрок соҳиби қилиб яратилган инсон зоти ўзининг ботиний ва зоҳирий тана аъзоларини Аллоҳ таоло белгилаб ва кўрсатиб қўйган ўринларда фойдаланиши ва ишлатиши лозим бўлади. Зеро, инсон уларнинг ҳар бири тўғрисида масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:
“(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”. (Исро сураси 36 оят)
Шу билан бир қаторда инсон ўзига омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақламоғи лозим. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги асримизда оламшумул тарзда кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. Зеро, инсон ўз соғлиғи, покизалиги унинг ҳаёти учун зарурлигини Аллоҳ таоло ояти каримада: “Нопокликлардан четланинг”, – деб айтади. Бу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига ва у зот орқали барча мўмин-мусулмонларга нопокликлардан четда бўлишни буюрмоқда. Айрим муфассирлар оятда зикр қилинган бу нопокликлар фақат инсон танасидаги ва устбошидагилардангина иборат эмас, балки бунга яна ширк, ахлоқсизлик, безорилик, ҳаром қилинган нарсалар, яъни шаробхўрлик, гиёҳвандлик, бузуқлик каби маънавий нопокликлар ҳам киради, деб айтишган. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхшилик кўзгусидир.
Бу юқумли касаллик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш керак бўлади. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ҳолда ўзини ва ўзгани ҳимоя қила билиши, маънавий ва маданий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади.
Шу сабаб, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор бўлади. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.
Гиёҳвандлик – ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир жиноий ишларнинг ҳам келиб чиқиши ва кўпайишига ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган бангиликни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.
Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, – дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади.
БОТИР НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод” жоме
масжиди имом–хатиби