Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни Ислом, модомики яхшилик қилгувчи киши одамларнинг мақтови, уларнинг орасида обрў- эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисоблайди.. Қайғуда қолган одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганнинг қарзини узишга кўмаклашиш, фарзандлари бор камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор –бир ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат еткариш- мана шуларнинг барчаси агар ният тўғри бўлса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлардир.
Шундай ишлардан бири Исломнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек хусуматлашаётган икки шахснинг ўртасини яраштириб қўймоқликдир: «Сизларга рўза, намоз ва садақанинг даражасидан кўра афзалроқ ишнинг хабарини берайми?» дедилар ул зот. Саҳобалар: «Ҳа!» дедилар. У зот: «Одамлар ўртасини ислоҳ қилишлик.» деганлар. (Термизий ривоят қилган).
Беморларнинг аҳволидан хабар олиш ҳақида, унда беморга енгиллик ва кўнглини кўтаришлик бор бўлгани учун ҳам бу амалнинг Аллоҳнинг наздидаги мавқеи ҳақида гапириб шундай дейдилар: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса, самодан туриб бир нидо қилгувчи: «Яхши бўлгин, қадаминг ҳам яхши йўлни боссин ва Жаннатдан ўз манзилинга эга бўлгин!» дея нидо қилади». (Термизий ривоят қилиб “ҳасан ҳадис” деган, Ибн Можа ва Тобаронийлар шунга ўхшаш ҳадисни Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар). Яна: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса токи ўтиргунича раҳматга шўнғиб борайверади. Энди қачон ўтирадиган бўлса, раҳматга ботиб кетган бўлади», деганлар. (Аҳмад, Баззор ва Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган).
Икки шайхлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот: «Бир одам йўлда кетар экан тиканнинг шохини учратиб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унинг бу ишига мукофот ўлароқ уни мағфират қилибди», дедилар. Муслим қилган ривоятда: «Бир одам йўлнинг ўртасида ётган дарахт шохининг ёнидан ўтиб қолибди ва: «Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга озор бермасин учун уни йўлдан улоқтириб юбораман», дебди. Бас Аллоҳ уни Жаннатга киргизибди», деганлар.
Абу Зарр дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг амаллари –яхшисию ёмони – кўрсатилди. Бас мен уларнинг яхши амаллари ичида йўлдан олиб ташланадиган азиятни кўрдим», дедилар. Муслим ривояти.
Ислом бу амалларни яхши ҳисоблаб уларни мақташ билан кифояланиб қолмасдан у ишларни қилишга даъват ҳам қилади. Унга тарғиб қилади, буюради. Мусулмоннинг зиммасидаги уни Жаннатга яқин қиладиган ва дўзахдан узоқ қиладиган кундалик вазифалари қаторига қўшади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бандани дўзахдан нима йироқ қилади?» деб сўрадим. У зот: «Аллоҳга иймон келтириш», дедилар. Мен: «Иймон билан бирга бирор амал ҳам борми?» дедим. «Аллоҳ сенга мулк қилиб берган нарсадан бермоқлигинг» дедилар. «Эй Аллоҳнинг набийси, агар беришга ҳеч нарса топа олмайдиган фақир бўлсачи?» дедим. «Амри маъруф ва наҳйи мункар қилади» дедилар. «Агар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга қурби етмасачи?» дедим. «Ундай бўлса, овсарга ёрдам берсин» дедилар. (яъни, қўлидан иш келмайдиган нодонга ҳунар ўрганиши учун ёрдам берсин). Мен: «Эй Расулаллоҳ, айтингчи, агар бирор бир ишни уддасидан чиқа олмайдиган бўлса нима қилсин?» дедим. У зот: «У ҳолда мазлумга ёрдам берсин» дедилар. Мен яна: «Эй, Аллоҳнинг набийси, айтингчи, агар мазлумга ёрдам бериш қўлидан келмайдиган заийф бўлса нима қилади?» дедим. У зот: «Биродаринга ҳеч бир яхшилик қолдиришни истамайсанми? Одамларга озор бермасин» дедилар. Мен: «Айтингчи эй, Аллоҳнинг расули, агар шу ишни қилса Жаннатга кирадими?» дедим. У зот: «Қайси бир мўмин ана шу хислатлардан бирини талаб қиладиган бўлса, у хислат унинг қўлидан тутиб Жаннатга олиб қиради» дедилар». (Байҳақий ривоят қилган).
Исломнинг пайғамбари ана шу сингари руҳ билан ҳар бир мусулмонни рағбатлантиради. Агар имконияти чекланган бўлса, ана шу ибодатни адо этиши мумкин. Ислом бу ибодатни бирор бир вақтга тайин қилмади ёки бирор бир жойга боғлаб қўймади. Шунингдек, ана шу ибодатни фақатгина бадавлат кимсаларга хос бўлган молиявий, фақатгина кучлиларга хос бўлган жисмоний, фақатгина зиёлиларга тегишли бўлган маданий ибодатлар жумласидан ҳам қилган эмас. Аксинча барча инсоният учун бирдай мажбурият қилиб қўйди. Уни ҳар бир инсон тоқатига қараб адо этади, унда бою камбағал, кучлию кучсиз, авому уламо муштаракдирлар.
Шунга ўхшаш яна бир ҳадисни Бурайда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. У зот: «Инсонда олтмиш учта бўғим бор. Бас у ана ўша бўғимларнинг ҳар бири учун садақа бермоғи лозимдир» дедилар. Одамлар: «Ундай бўлса, бу ишга кимнинг тоқати етар эди эй Аллоҳнинг расули?» дедилар.(Улар молиявий садақа деб ўйлаган эдилар). У зот: « Масжиддаги балғамни кўмиб қўясан ва йўлда ётган нарсани олиб ташлайсан..» дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
Кишининг ўз биродари юзига қилган табассуми, қулоғи кар одамнинг эшитишига ёрдамлашмоғи, кўзи ожиз одамни етакламоғи, тушунмай турган одамнинг тушунишига ёрдамлашмоғи, ўз ишида маслаҳат сўраган кимсага маслаҳат бермоғи, ёрдам сўраб турган мусибатзада инсоннинг дардига шерик бўлмоғи, кучсизларга қўли билан ёрдам бермоғи ва бу оламдаги яна кўплаб амаллар борки бир қанча ҳадисларда у ишларни садақалар қаторига қўшиб келган ва Исломнинг элчиси у ишларни буюк ибодат ва энг яхши садақа деб санаганлар.
Ёрбеков Абдурауф.
Ховос тумани “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом хатиби