Ислом – терроризмни қоралайди ­

Ислом – тинчлик ва хотиржамлик динидир. Ислом жаҳон динлари ичида энг ёши ҳисобланади. “Ислом” – (арабча – “бўйсуниш”, “итоат этиш”) – Аллоҳга тил билан имон келтириб, дил билан тасдиқлаш, унинг кўрсатмаларига бўйсуниш, ўзини Аллоҳнинг динига бағишлашни англатади. Ҳозирги кунда ислом омили тобора катта кучга айланмоқда. У давлатларнинг ички ва ташқи сиёсати, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, давлатлараро ва халқаро муносабатларга таъсир этиб келмоқда. Ҳозирда  сиёсатчилар мусулмон оламига дунё ҳамда халқаро муносабатлар истиқболига таъсир кўрсатувчи куч сифатида қарамоқдалар. Ислом омилининг кучайишида мусулмон мамлакатлари ҳудудларининг катталиги, яъни жўғрофий-стратегик имкониятларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Ислом моҳиятан енгиллик динидир. Унинг эътиқод қилувчиларга фақат енгилликни раво кўриши мўътабар манбаларда етарлича баён этилган. Маълумки, шариат аҳкомларини жорий қилиш Аллоҳ ёки У изн берган пайғамбарларга хос нарса. Бошқа ҳеч ким, бирор-бир сабабга кўра бу ишни амалга ошириши, бандалар устига шаръий амрни жорий қилиши мумкин эмас. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз умматларига доим енгиллик, осонлик, ўртаҳолликни истаб келганлар. Шундай бўлса-да, экстремистик оқимлар ва баъзи тариқатлар айрим ҳолат-тушунчаларга ортиқча урғу бериб, динимизни қийинлаштиришга уринмоқда. Жумладан, айрим мутаассиб оқимлар Абу Ҳанифа (р.а.)нинг фикрларига менсимасдан қараш, мазҳаб йўлини енгилликда айблаш, мазҳаббошимиз шахсиятини камситиш каби қабиҳликлардан ҳам тап тортмаяптилар.

Шундай экан, огоҳ ва ҳушёр бўлиш давр талаби бўлиб қолаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Исломнинг енгиллик дини экани, уни қийинлаштириш, унга ўзгача талқин ва қарашлар олиб кириш қораланиши Қуръон оятлари, ҳадислар ва уламоларнинг асарларида атрофлича ёритилган. Жумладан, Қуръони карим “Бақара” сураси 185-оятда шундай дейилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. Шунингдек, “Наҳл” сураси 125-оятда “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг”, деб баён қилинган.

Ҳасан домла АТАҚУЛОВ
Боёвут тумани «Насруллохон»
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan