Ижтимоий иллат.

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасини инсоний хулқ ва чиройли тарбиялаш учун пайғамбарларини юборди ва китоблар нозил қилди. Бизларга, ўзимизни жаҳолатдан қутқариб олиш ва мусулмонлар ўзаро муҳаббатли бўлишлари учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди ва энг охирги китоби Қуръони каримни нозил қилди. Қуръонда нафақат ибодатий ҳукмлар, балки инсоннинг ахлоқий одоблари ва инсонпарварлик амаллари зикр этилган.

Ҳозирги пайтларда жамиятимиз кишилари орасида тарқалган иллатлардан бири бу – масхара қилиш,камситиш, инсон шаънини  оёқ ости қилиш. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг китобида марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар (масхара қилинган қавм) (Аллоҳ наздида) булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар (масхара қилинган аёллар) булардан яхшироқдир. Ўзаро бир-бирларингизни мазах қилманг ва бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзларига зулм қилувчидирлар ” (Ҳужурот сураси, 11-оят.)

Ўзи масхара нима дегани, у қандай бўлади? Бир инсон бир инсонни ўз ўлчови наздида ўзидан паст санаши, хор билиши. Бир киши учун арзийдиган нарсани биров назарписанд қилмасдан уни ҳақир санашидир.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, ўша айбга мубтало бўлмасдан ўлмайди”.

Бир инсонни бор камчилиги билан ёки касаллиги туфайли айблаб таҳқирласа, Аллоҳ таоло айблаган кишини ўша ҳолатга туширмасдан жонини олмайди.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, бировларни айбини гапиришдан кўра, ўз айбларимизни тузатиш харакатида бўлишимиз керак.

Беш кунлик дунёда бировнинг дилини оғритиб, таҳқирлаб, камситиб эмас, балки, ҳадисда зикр қилингани каби ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаш ҳаммамизга насиб қилсин.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
 Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan