Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида бундай амр этади:
“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. (Анфол сураси 25-оят)
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини Аллоҳ таолонинг номи билан фитналардан уларнинг ёмонлигидан, адаштиришидан ва гумроҳлигидан паноҳ тилашга йўллаганлар. Баъзи ўтган солиҳлар шундай дуо қилишаркан:
“Эй Аллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан паноҳ тилаймиз”.
Аксари, ислом уламолари “фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани имон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Айрим уламолар эса Аллоҳ таолонинг китоби ва Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши-энг катта фитна деб айтишади. Шунинг учун ҳам барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларни ва дунёларида фитналардан сақланиш, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.(Шуро сураси 151-152 оятлар)
Шунга мувофиқ инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя сўзларни айтувчи ва тарқатувчи кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни эҳтиёт бўлишларига чорлайди. Зеро, дин душманларининг фитналари ва фитнага сабаб бўлувчи миш-мишлари Аллоҳ таолонинг қўйидаги ояти каримаси мазмунига мутлақо зид ва хилофдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар*. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир”. (Луқмон сураси 6-оят)
Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз лозим бўлади. Ўрталаримизда амри -маъруф, наҳий-мункар, мусибатларга сабр қилиш, аҳли сунна ва жамоа билан бир сафда бўлиш, бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувватпарварлик руҳида яшамоғимиз лозим бўлади.
Шунда барчаларимиз дунё ва охират яхшилигига эришиб, иншоаллоҳ муваффақият ва нажот топувчилардан бўламиз. Аллоҳ таоло хитоб қилиб бундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз! Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”. (Оли Имрон сураси 102-103 оятлар)
Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.
Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”. (Аъроф сураси 179-оят)
Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да унга амал қилмаганлари қораланмоқда.
Ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб, ўргатганда Ватанга муҳаббат ота-она, оиласига, уларни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар-миллий қадриятларга, улар югуриб ўсган тупроқ, отаси эккан ва у билан бирга улғайган дарахт, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик. Фақат буни ҳис қила билиш керак, халос.
БОТИР НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод” жоме
масдиди имом-хатиби