ФИРИБГАРЛИК – ОҒИР ЖИНОЯТ

Кейинги  вақтларда  жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш,  хусусан  фирибгарликжинояти  тез-тез  содир  бўлиб  урмоқда.  Аждодлари  дину  диёнат,  ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган  ўзбек халқининг авлодларидан мазкур  жиноятга  қўл  ураётганларнинг  учраши  ачинарли  ҳолдир.  Ҳолбуки, динимизда  бировнинг  молини  алдов, фирибгарлик, чув тушириш  йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган.  Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:

“Мол (ва  бойлик)ларингизни  ўрталарингизда  ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Фирибгарлик  жинояти  молни  ботил  йўл  билан  ейишнинг  бир кўриниши  бўлиб,  бундай  йўл  билан  топилган  мол  оташи  дўзахнинг  бир бўлаги ҳисобланади. Сир  эмаски,  кейинги  вақтларда  баъзи  кишилар одамлардан  қарзга  ёки  шерикчиликка,  деб  пул  олиб,  охир-оқибат  уни қайтармай  ўртада  низо  чиқиши,  яқин  кишилар  бир-бири  билан  юз  кўрмас бўлиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда  эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс  ҳолда бошланган ишлар  ортга  кетиб,  касодга  учраши  тайин.  Пайғамбаримиз  (алайҳиссалом)  шундай марҳамат қилганлар:   Абу  Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу)дан  ривоят  қилинади,  Пайғамбар  (алайҳиссалом)  дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга  ёрдамчи  бўлади.  Ким  одамларнинг  молига  талофат  етказиш  (чув тушириш)  учун олса, Аллоҳ таоло  унинг  ўзиги талофат етказади”  (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан,  айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта  молни асл мол,  деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадис бунга очиқ далил бўлади:  Расулуллоҳ  (алайҳиссалом)  дон  сотаётган  одамнинг  ёнидан  ўтиб  қолибдилар. Унинг дони орасига  қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан.  “Бу нима?!”деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй  Расулуллоҳ! Унга ёмғир  тегибди”, деди.  Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Уни устига қўймайсанми, одамлар кўрар эди”  дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги  “ғаш”  луғатда  “алдамоқ,  фириб  бермоқ,  сохталаштирмоқ” маъноларида  келади.  Демак,  умумий  маънода  алдов,  фирибгарлик,  бирор

нарсани сохталаштиришлик мусулмоннинг  иши эмас экан.

Пардаев Абдукарим Гулистон тумани » Шодмонхўжа» жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan