Гиёҳванд моддалар савдоси — дунёда хорлик, охиратда аламли азоб

Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Гиёҳвандлик инсоннинг ақлига ҳам, наслига ҳам, диний эътиқодига ҳам, мол-мулки, шаън-обрўсига ҳам бараварига тажовуз қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандалига шундай буюрган: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят).

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) бу борада: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Мазкур далиллар динимизда ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканини кўрсатади. Шу сабаб гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади.

Мўмай даромад мақсадида айрим қаллоб кимсалар  гиёҳванд моддаларга баъзи ёшларни ундайди. Баъзи кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланмаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги сабабли уларнинг қармоғига илиниб, гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар. Гиёҳванд моддани истеъмол қилишни бошлаган киши кейинчалик ташлайман деб ўйлайди, бу хато фикрдир.

 Гиёҳвандликка ружу қўйган одамнинг оиласига путур етади. Айниқса, аёллaр, бoлaлaр, ота-оналарлaр кўпрoқ aзият тoпaди. Гиёҳвандлик тижорати катта гуноҳ, жирканч иш ва ундан топилган даромад ҳаром эканлигини унутмаслик керак. Бундай ишлардан дарҳол тўхташ ва астойдил тавба қилиш лозим. Акс ҳолда бу ишлар инсонни дунё хорлиги ва охират зобига гирифтор қилади.

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Гулистон тумани бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan