Охирги ўн кунликнинг фазилатлари

Яратганга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, бу йилги Рамазон ойига барчамизни соғу саломат, тинч ва омон етказдирди, бу ойдаги улуғ ибодатларни қилишимизни насиб қилди. Азизлар бу йилги Рамазон бошқа йиллардаги Рамазонлардан анчайин барокотли ва хурсандчиликларга бой ой бўлди. Айниқса бу ой бошланишидан олдин муҳтарам юртбошимизнинг эътиборлари ва катта миқдордаги хайру саҳовотлари барча юртдошларимиз қалбини қувончларга тўлдирди. Бу хайру саховатдан илм аҳиллари, масжид ходимлари, кам таъминланган оила вакиллари, боқувчиси йўқ ёлғиз кексалар, ногирон ва беморлар ва жарроҳлик амалиётини ўтказишга маблағга муҳтож шахслар боғоятда мамнун бўлдилар.

Азизлар бу муборак ойнинг учдан икки қисми ҳам ўтди. Олдимизда муҳим палла Рамазоннинг охирги ўн кунлиги турибди. Бу ўн кунлик шу даражада фазилатларга бойки, биз уни тўлиқ қамраб ололмаймиз. Аммо имконимиз қадар бу ўн кунликларда ибодат ва яхши амалларимизни кўпайтиришимиз лозим.

Абу Фазл Рамазоннинг фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Ривоятларга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам бу ойнинг охирги ўн кунлигида ибодатларни янада кўпайтирар эканлар. Ҳадиси шарифда келади, охирги ўн кунлик кирганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай ҳолатда бўлар эдилар: “Белларини маҳкам боғлар эдилар, (яъни, тун бўйи ибодат қилиш учун тайёр бўлар эдилар), тунларини (ибодатда) бедор ўтказар эдилар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар” (Имом Бухорий ривоти)

Оддий кунларда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ўқир эдилар. Унинг ракъатлари жуда узун бўлар эди. Гоҳида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжудга ярим кечада турар эдилар, гоҳида эса кечанинг охирги учдан бирида турар эдилар. Лекин муборак Рамазон ойининг охирги ўн куни ҳақида Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо айтадиларки, бу кечаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат учун белларини маҳкам боғлар эдилар.

Бу охирги ўн кунликнинг фазилатларга бой бўлишининг асосий сабаби бу кечаларга Лайлатул Қадр кечаси беркитилган. Бу кечада адо қилинган ибодатлар эса минг ойлик ибодатларга тенгдир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

Шу улуғ кунларни имконимиз қадар яхши амаллар билан безайлик. Яқинлашиб келаётган Рамазон Ҳайитларига биргаликда хурсанчиликларда етишимизни Яратганнинг Ўзи насиб қилсин.

Сирдарё тумани Абу Бакр жоме масжиди имом – хатиби:          Авазхон домла Жалолов