Жорий йил 6 апрель куни Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжиди мажлислар залида Сирдарё вилояти бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Ҳабибуллоҳ домла Зокиров раҳбарлигида вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида амалий йиғилиш бўлиб ўтди.



Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний масалалар бўйича котибият мудири Абдураҳмон Назирқулов ҳам иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ҳабибуллоҳ домла Зокиров сўзга чиқиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида масжидлар атрофини ободонлаштириш, мевали ва манзарали кўчатлар экиш ҳамда ҳудудларда тозаликка алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликни кучайтириш, фуқаролар йиғини тадбирларида фаол иштирок этиш, ҳожилар билан самарали иш олиб бориш ҳамда хорижда бўлиб турган фуқаролар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Вакиллик томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида ва сидқидилдан бажариш, сусткашликка йўл қўймаслик лозимлиги алоҳида қайд этилди.


Абдураҳмон Назирқулов ҳам йиғилишда сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан маълумот берди. У масжидларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва унинг олдини олиш бўйича амалий кўрсатмаларни етказди. Жумладан, ҳар бир имом-хатиб ўзига бириктирилган маҳаллада ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиб туриши, меҳнат мигрантлари билан суҳбатлар олиб бориши ҳамда масжидлар тозалигига доимий эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида имом-хатибларга ўз зиммасидаги масъулиятни янада ошириш, аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаш ҳамда жамоатчилик ўртасида маънавий-маърифий фаолиятни кучайтириш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.