Барчамизга маълумки, инсон учун энг қимматли нарса вақт хисобланади. Чунки йўқотилган ҳар қандай нарсани топиш мумкин, масалан бойлик, амал, соғлик ёки уй жой, лекин кетказилган вақтни топиш ёки орқага қайтаришнинг сира иложиси йўқ. Шундай экан, ҳар бир оқил киши ўз вақтини катта бир хазина билмоғи, унинг озгинасига ҳам бепарво бўлмаслиги, уни ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланмоқлиги лозим. Чунки, вақт қилич каби дейилади, агар уни кесмасанг, вақт сени кесади. Инсоннинг зиммасида адо этиши лозим бўлган бурч ва вазифалар унинг вақтидан кўра кўпроқ. Аллоҳнинг неъматлари шукрини адо этишга бир инсоннинг умри етмайди. Зеро, Аллоҳ ўзининг каломида неъматлари кўплиги ва уни саноғига етолмаслигимизни эслатиб шундай дейди:
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Наҳл, 18)
Шундай экан, вақтни зое кетказишга фурсат йўқ. Беҳуда ўтказилган ҳар бир дақиқа охир оқибат инсонни зарарига ишлайди. Ислом динида вақтнинг қадри баланд бўлганлиги учун уни беҳуда ўтказмасликка, балки ундан унумли фойдаланиб, савобли ишларга, илм, хунар ўрганишга сарфлашга ундайди.
Вақт–гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса ҳаёт ҳам тубан, бемаъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастмоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир.
Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби иллатлардан узоқда бўлишимизга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади ва ҳар вақт ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Афсуски, баъзан айрим ёшларимиз қимматли вақтларини беҳудага ўтказиб, керакли билим ёки хунар ўрганишни ўрнига кераксиз ишларга сарфлашади. Айрим ёшларимиз кечаси бемахалда, ярим тунларда учта-тўртта бўлиб олишиб кўчаларни бурчакларида ёки чекка жойларга ўтирволишиб телефон ўйнаб ўтирганнини ёки интернет кафеларда компютер ўйнаб ўтиришганини кўриб хайрон қолади киши. Нахотки бу ёш йигит ва қизларни ота-онаси бўлмаса, болам бемахалда қаерларда кимлар билан юрибти деб суриштирадиган масъуллари бўлмаса. Эртага бундай бемахалда қаровсиз юрган ёшларимиздан нима кутиш мумкин. Ундан кўра шу ёшлар китоб ўқишса бирор бир хунар ўрганишса ўзлари учун кони фойда эмасми.
Бу ёшлик яна қайтиб келмайдику. Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш каби деб бекорга айтилмаганку, нахотки баъзи ота –оналар шу нарсаларни ўз фарзандларига тушунтиришмаса. Эртага худо кўрсатмасин бир ёмонларга аралашиб қолса, уларга ким жавоб беради. Шуниг учун хар бир ота-она ўз фарзандларини вақтларини бехуда ўтказишларига йўл қўймасликлари, уларни фойдали илм ва хунар ўрганишларига шароит яратиб беришлари лозим.
Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму маърифат ҳосил қилмаса, у ўтказган кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди-бахтинг кетди”. Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилган эканлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Шунинг учун ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз уларни ўз вақтларини тўғри, фойдали амаллар қилишга сарфлашни ўргатишимиз керак.
Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди: “Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар”. (Аъроф, 34)
Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир.
Демак, олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз, ҳатто олаётган нафасларимиз ҳам ҳисоб-китобли эканини асло унутмаган холда, ундан унумли фойдаланайлик. Зеро, вақтни қадри улуғ ва уни зое кетказмайлик.
Муроджон Мирсоатов
Сирдарё туман “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби