Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир фарзанднинг маънавий тарбиясига, одоб-ахлоқига алоҳида эътибор берилган. Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда маънавий таҳдид, яъни ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ахборот хуружлари авж олиб бормоқда. Турли хил оқимлар бу йўлда замонавий технологияларни, компьютер ва уяли алоқа телефон орқали интернетни асосий қурол қилиб улгуришди. Интернет орқали улар ахборот хуружларини уюштириш, ёлғон ахборотлар тарқатиш, ижтимоий онгга таъсир этиш ёки уни бошқариш, миллий ва маънавий қадриятларимизга путур етказиш, миллийлигимизга даҳлдор бўлмаган ёт ғояларни тарғиб қилиш, халқимизнинг неча асрлик тарихий хотирасини издан чиқариш ва ёшларга таъсир ўтказиш осон бўлиб келмоқда. Ҳозирги кунда интернет тармоқларида ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи ва ҳаёсиз мазмундаги жуда кўплаб сайтлар авж олиб кетди. Ёвузлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи минглаб компьютер ўйинлари ҳам бор. Ҳозирги ахборот ва технологиялар ривожланган бир пайтда масофанинг аҳамияти йўқ. Оврупа давлатларида ёшлар аллақачон бу каби сайтларнинг оммавий қурбонига айланиб бўлишди.
Бизнинг диёримизда ҳам интернет тизимидан фойдаланувчиларнинг сони кўпайиб бораётганлиги, аксарият ёшларимизнинг бундан кенг фойдаланиши барчамизни янада сергакликка ва зийракликка ундайди. Ҳозирги асримизда турли хил атамалар вужудга келди, яъни “Глобаллашув ва террор”. Бу ёшлар онгини ва қалбини эгаллаш учун кураш бошланди дегани. Ғоялар кураши ва турли хил гурухларнинг пайдо булиши, уларнинг олдига қўйган биринчи асл мақсадлари инсон ва ёшларнинг онгини захарлаб ҳар хил босимлар билан ўз ҳолича яшашига халақит қилиш ёки йўл қўймасликдир. Бу бузғунчи оқимлар ўзларининг қора ниятларини амалга оширишлари учун сиртдан чиройли кўрунувчи шиорлар ва турли хийлалар ўйлаб топишади. Бундай харакатларнинг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу ҳар бир инсонни теран фикрлашга ва тўғри хулоса чиқаришга ундайди.
Маънавий тарбия орқали ёшларда яхши ахлоқ, шижоат, раҳмдиллик ва мехнатсеварлик сифатлари шаклланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир фарзанд фитратда дунёга келади” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу хадисдан маълум бўладики, бола покиза табиатда туғилгани боис, унинг шаклланиши айнан тарбияга боғлиқ бўлади. Демак, фарзанднинг эътиқодини мустаҳкам қилиш энг асосий вазифа ва омиллардан биридир. Буни муқаддас китобимиз Қуръони карим оятлари ва хадиси шарийфларнинг мазмун-моҳиятидан ҳам кўриш мумкин, Жумладан: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар шуни қилурлар” (Таҳрим сураси 6-оят). Мазкур оят шарҳида инсон аҳли аёли ва фарзандларини ҳам доимо эътиборда тутиши, бунда фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмасдан, уларнинг иймон-эътиқоди ҳам мустаҳкам бўлишига харакат қилиши лозим, деб алоҳида таъкидланади. Маънавий бўшлиқ бўлишлик инсоннинг эътиқодини ўзгаришлигига сабаб бўлади. Шу бўшлиқлар инсонни салбий ишларни қилишга ундайди.
Хусайн воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний” асарида фарзандлар тарбиясида муҳим бўлган исломий қадриятларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таъолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳаққи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хохласа ўшанга мойил қилиши мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало уларга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, ҳуш муомала ва покиза кўринишли бўлсин”, деб ўз қарашларини баён этган. Дарҳақиқат, гўзал хулқ, тўғри ақийда асосида тарбияланган фарзанд ҳаётда ақл-идрок билан иш тутади, иймон-эътиқодида собит туради, эркин ва мустақил фикрлайди, ҳар хил алдовларга учмайди, ҳамда ғаразли ташфиқотларга берилмайди. Демак, фарзанд ёшлигидан соғлом эътиқодли, билимли, одобли ва шижоатли бўлиб вояга етиши учун ёшлар фойдали илм ва кўникмалар билан банд бўлишлари муҳим. Бундан фарзанд аввало соғлом ақийдага эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Минг афсуслар бўлсинким, юртдошларимиз турли хил ёт-ғоялар таъсирларига айрим ёшларимиз моддий-маънавий қийинчиликлар баҳонасида хорижий миссионерлар тузоғига ҳам илиниб қолишмоқда. Иймон-эътиқодларидан ва икки дунё саодатидан маҳрум бўлишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўкис равишда етказишга чорлаймиз.
Биз учун ёт бўлган турли хил оқим, ҳар қандай харакат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Исломда, иймонда, рушду ҳидоятда ва ҳақ йўлда собитқадам қилиб, раҳмат ва мағфиратини зиёда айласин.
Файзулло домла Эшбеков
Боёвут тумани бош имом-хатиби