Оила – инсоният жамиятининг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун низом ва қонунлар жорий этган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди:
«Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриёдлар берганмиз» (Раъд сураси, 38-оят).
Динимизда оила фаровонлиги, саодати учун оила аъзолари ўзларини қандай тутишлари лозимлиги, эр-хотиннинг бурч ва вазифалари, оила бузилишини олдини олиш борасида кўплаб тавсиялар берилган.
«Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик («Зориёт» сураси, 49-оят).
Инсонлар ҳам жуфт қилиб яратилган. Аллоҳ таоло бу жуфтликни Ўзининг илоҳий аломатларидан бири эканлигини эслатиб, шундай марҳамат қилади:
«Унинг аломатларидан (Яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» («Рум» сураси, 21-оят).
Никоҳ орқали эркак ва аёл нафақат жисмонан, балки маънан боғланади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахт саодатлари барча-барчаси бирлашиб, бири иккинчисининг яримига айланади. Ислом дини таълимотларига биноан оила, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар раҳм-шафқат, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва маъсулият устига қурилади. Шундагина оилада тинчлик хотиржамлик, саодат барпо қилинади. Шариат кўрсатмасига кўра эр киши аёлига яхши муомалада бўлиши, оиласини моддий жиҳатдан таъминлаши, аёлининг эркаликлари ва сабрсизликларига чидаб, оиладаги тинч, осойишта муҳитни доимо назорат қилиб бориши лозим. Аёл киши эса, турмуш ўртоғи топиб келган ризқни тадбиркорлик билан тасарруф этиши, ношукрлик қилмасдан борига қаноат қилиши, эрига шариатдан четга чиқмаган ҳар бир буйруғи борасида итоат қилиши, ўзини ва уй-жойини озода тутиб, ширин сўз ва пазанда бўлиши лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришда нафақат мусулмонларга, балки кишилик жамиятининг барча аъзоларига ибрат ва намуна бўлиб келмоқда.
Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди.
Оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аёлини яхши кўрмай қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган кишига: “Шўринг қурисин! Оилалар фақат муҳаббат учун қурилмаганми? Риоя қани? Маъсулият қани?”, деган эканлар.
Яратган оилаларимизни тинч, оила аъзоларимизни соғ-саломат, бахтли-саодатли айласин!
Халилулло домла Раимқулов
Ховос тумани “Хизробод” жоме масжиди имом-хатиби